Бош прокуратура Аскар Акаевга қўзғалган жиноят иши қисқартирилганини билдирди

232

Қирғизистоннинг биринчи қочоқ президенти Асқар Акаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тўхтатилди. Бу ҳақда 13 январ куни «Клооп»га Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан Сирожиддин Камолидинов хабар берди.

Унинг айтишича, Ақаев мансаб ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда шериклик, 1992 йилда Канаданинг «Камеко» корпорацияси билан бош шартнома тузиш ва 2003 йилда Қумтор лойиҳасини қайта тузиш эпизодларига масъулиятсиз муносабат қилганликда айбланган.

Камолидиновнинг тушунтиришича, Акаевга нисбатан иш шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати ўтгани сабабли ёпилган.

Аввалроқ 2021-йилнинг декабрида Акаевнинг иттифоқчиси ва собиқ бош вазир аппаратининг етакчиси Бекболот Талгарбеков ҳокимиятдан ағдарилган президентга қўйилган барча айбловлар олиб ташлангани ва энди у Қирғизистонга бемалол ташриф буюриши мумкинлигини айтган эди.

«Сўроғи тўлиғи билан тугади. Суриштирувлар давомида унинг «Центерра*»да бирорта ҳам улуши йўқлиги, бир цент ҳам олмагани маълум бўлган. Энди Акаевга йўл очиқ. У ҳозир жуда қаттиқ меҳнат қилмоқда, ҳатто нуфузли Ломоносов мукофотига сазовор бўлди. Агар у муҳим ишларини тугатса, албатта Қирғизистонга қайтади», — деган Талгарбеков. 

 Асқар Акаев ким?

Асқар Акаев Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган биринчи президенти. У 2005 йилдаги «лола инқилоби» натижасида мамлакатни тарк этган. Акаев мамлакатни 15 йилдан ортиқ бошқарган. Инқилобга туртки бўлган парламент сайловлари халқаро кузатувчилар томонидан адолатсиз деб тан олинган. Ақаев, шунингдек, ўз қариндошларини юқори давлат лавозимларига жалб қилганликда айбланган.

Акаев ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин у 16 йил давомида ўз ватанида бўлмаган ва фақат 2021 йилнинг август ойида Қумтор иши бўйича сўроқда қатнашиш учун келган. Акаевнинг келиши кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган. Айрим сиёсатчилар унинг 15 йиллик ҳукмронлиги даврида содир этган жиноятларини унутмасликка чақиришган.

2005-йилда Акаев Россияга қочиб кетган ва ҳозирда Москва давлат университети қошидаги Мураккаб тизимларни математик тадқиқотлар институтида бош илмий ходим бўлиб ишлайди.