Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Болалар шифокорлари яқинда озод бўлади деб ишонамиз

288

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ёшдаги болани ўлими бўйича беш шифокорнинг қамоққа олиниши ҳақида изоҳ берди. Муассасадан ҳозирда тергов олиб борилаётганини, вазиятга таъсир кўрсатиш мумкин эмаслигини айтишди.

«Яқин орада уларнинг озод этилишига умид қиламиз ва ишонамиз. Вафот этган боланинг оиласига чуқур хамдардлик айтамиз. Тўғри, доим ҳам шифокорлар тиббий ёрдамни кўрсата олмай қолишади, аммо ҳар доим беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлган келганининг барини қиламиз», — деб айтилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотида.

Уларнинг айтишича, шифокорлар қўлга олингандан кейин «тиббиёт жамоатчилигида аксарият шифокорлар ишдан кетишни ёки иш ташлашни истайди деган гаплар бўлмоқда».

«Биз барча тиббиёт ходимларини ваҳима қилмасликка ва ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирамиз. Шифокорлик касби энг инсонпарвар ва шу билан бирга масъулиятли иш бўлиб келган ҳамда шундай давом этади, шифокорлар ҳар доим қўлидан келганини қилиб, миллатнинг соғлигини сақлаш учун ҳаракат қилишади», — деб мурожаат қилди вазирлик шифокорларга.

Вазирликдан бундан кейин шу каби вазиятларга йўл қўймаслик учун тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатига назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берилганини қўшимча қилишди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўлга олинган шифокорларнинг яқинлари билан алоқада бўлиб, уларга ёрдам бераётганини билдиришди.

Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази қўлга олинган шифокорлардан хабар олганини билдирди. Уларнинг айтишича, шифокорлар қўпол муомала ва қийноқ бўйича шикоят қилишмаган.

«Қамоққа олиш эҳтиёт чораси 28-декабрда қабул қилингани билан, бугунги кунгача тергов амаллари ўтказилмаётганидан шикоят қилишди», — деб билдиришди Миллий марказдан.

Аввалроқ суднинг матбуот хизмати беш шифокорни ТИЗО-1га қамоққа олиш қарори 30-декабрда қабул қилинганини билдирган.

Шифокорларнинг қўлга олиниши

30-декабрда Бишкекнинг Ленин туман суди уч ёшли боланинг ўлимидан кейин беш шифокорни 10-январга қадар ТИЗОда қолдириш қарорини қабул қилган. Улар касбий вазифаларини талабдагидек бажармаган деб айбланмоқда.

Суд яна бир тиббиёт ходимини уй қамоғига чиқарган.

«Клооп»нинг шахсий манбалари гап вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаровнинг укаси Нурлан Жапаровни набирасининг ўлими ҳақида бўлаётганини айтиб берган. Жапаров ўзи бу воқеа бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Аввалроқ тиббиёт жамоатчилиги президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, «тиббиёт ходимларини асоссиз тазйиқ қилишга ҳамда уларнинг тиббий масъулиятидан чалғитишга йўл бермаслигини» илтимос қилишган.

«Шифокорларга очиқдан-очиқ “уларни турмага тиқиб” ва“дипломларини тортиб оламиз” деб айтишган. Аслида бўлган воқеага холис қарашнинг ўрнига ўч олиш бўлмоқда», — деб айтилади мурожаатда.