Президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Kaktus.Media нашрининг давлат раҳбари янги йил табриги хромакейнинг фонида тасвирга олинган, орқа фон учун Баткен шаҳрининг марказини танлаб олган деган маълумотини инкор қилди.
«Хромакей бор эканини бир неча фактор кўрсатиб туради: президентни фигурасининг кесилган контурлари, ёруғликнинг бошқача тушиши, тинимсиз елпираб турган байроқ», — деб ёзишган таҳририятдагилар.
Султанбаев Фейсбук саҳифасида нашр маълумотни аниқламай туриб, жамоатчиликнинг «бошини айлантирмоқда» деб ёзди.
«Сизларнинг ёлғон маълумотга фуқароларнинг бир қисми ишониб олиши мумкин. Бу сизлар томондан жамоатчиликка, ўқувчиларга бўлган масъулиятсизларча муомала», — деб ёзди у.
Султанбаевнинг фикрига кўра, «Қирғизистон — сўз эркинлиги бор давлат. Афсуски айримлар бу эркинликни суиистеъмол қилиб, атайлаб адаштириб, жавобгарликни унутиб қўймоқда».
Президентнинг табриги чиндан ҳам Баткенда тасвирга олинганини исботлаш учун Султанбаев Жапаровнинг мурожаати тасвирга олинаётган вақтдаги видеони эълон қилди. Матбуот котиби президентнинг табриги қачон тасвирга олинганини айниқ айтмаган.
«Шундай ёлғонни тарқатиб, халқнинг бошини айлантириб, жавобгарликка тортила бошлаганда дарров "сўз эркинлигига босим" деб чиқасизлар. Ё сўз эркинлиги деб ёлғон маълумот тарқатаверса бўладими? Ҳар бир ОАВда маълумотнинг рост-ёлғонини аниқлаб олиш имконияти бор. Бир сўз айтаётганда нашр буни ўйламаган ҳам шекилли», — деб ёзди у.
Жапаровнинг янги йиллик табриги президентнинг сайтига эълон қилинган. Табрикда президент Полот-хан, Молдо Нияз, Абдикадир Орозбеков ва Исхак Раззаков туғилган ерда турганини айтган.