Ўш вилоятининг Қорасув туманида фуқаролик эри томонидан зўравонликка учраган аёл вафот этди. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 1-декабрда Қорасув туманининг Қизил-Шарқ қишлоғида 36 ёшли аёлнинг жасади ўзи яшаб юрган уйидаги сандиқдан топилган.
Милициянинг айтишича, марҳумнинг жасадида зўравонлик белгилари бўлган. Жиноятда гумонланувчи қатори марҳумнинг 8 ойдан бери фуқаролик никоҳида яшаб келаётган 49 ёшдаги Ўзган туманининг турғуни қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик
Қирғизистонда йил бошидан буён 20 га яқин аёл оиладаги зўравонликдан ўлган.
ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилган. Бу 2020 йилга нисбатан 12 фоизга кўпдир.
Зўравонликдан асосан аёллар жабрланади. Уларнинг аксарияти милицияга ариза бермагани учун рўйхатга олинмай, эътибордан четда қолади. Бу оиладаги зўравонлик кўлами расмий статистик маълумотларга қараганда анча катта эканидан хабар беради.
Тажовузкорни қонун бўйича жазолаш жуда қийин - аксарият жиноятлар жарима тўлаш ёки жамоат ишларини бажариш билан чекланади. Шунинг учун, тажовузкор жиноий жавобгарликка тортилмаслигини билиб, ҳатто аёлни ўлдириши мумкин.
Кўп учрайдиган уйдаги зўравонлик аёлларнинг эрлари, турмуш ўртоқлари ёки собиқ шериклари томонидан ўлдирилишига олиб келади. Бундай қотиллик фемицид деб аталади.