Чегарадаги жанжал: Жабрланган тадбиркорларга 300 минг сомдан товон тўланади

268

Жорий йилнинг 14-17-сентябрида қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда зарар кўрган ҳар бир тадбиркорга 300 минг сомдан бир марталик товон тўлаб берилади. Бу ҳақда Иқтисод вазирлиги билдирди.

Уни олиш учун тадбиркорларда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши керак:

  • компенсация тўлаш ҳақида ариза;
  • паспорт ёки ишончнома;
  • хўжалик ишини олиб бориш учун солиқ ёки ҳисобот қайди ҳақидаги солиқ идорасидан маълумотнома;
  • патентнинг кўчирмаси ёки хўжалик ишларини олиб борувчи субъектларнинг солиқларни тўлаганлиги ҳақидаги солиқ идорасидан кўчирма;
  • иқтисодий иш субъектининг банк ҳисобининг реквизитлари.

Бундан ташқари, зарар кўрган фуқаролар давлатдан йиллик нормаси 1 фоизни тузган имтиёзли кредитларни олишлари мумкин.

Муассасадан таъкидланишича, 1 млн сомгача бўлган қарзлар тадбиркорларга агар зарарнинг миқдори 5 млн сомгача бўлса берилади.  5 млн сомдан ортган зиёнга учраган тадбиркорлар эса 5 млн сомгача қарз ололишади.

Иқтисод вазирлигидан кредитларни уч йилнинг ичида квартал сайин бирдек тўламда тўлаб бутиш кераклигини қўшимча қилишди.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўлиқ миқёсли қуролли тўқнашувлар 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган. Жанглар бутун давлат чегарасининг периметри бўйлаб олиб борилган. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қуролли тўқнашувлар натижасида Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бироқ «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг Тожикистондаги бюроси) ўз манбаларига таяниб, 81 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини тузган.

Ҳар икки томон бир-бирини режаланган ҳарбий тажовузда айбламоқда.

Боткенни қайта тиклашнинг секин суръати

Вазирлар маҳкамасининг маълумотига кўра, можаро натижасида 661 та уй зарар кўрган, улардан 423 таси яшаш учун яроқсиз, 238 таси таъмирга муҳтож. Шунингдек, 14 та мактаб, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 15 та маъмурий бино, 1 та кўприк, 197 та уй-жой, 337 та шийпон ва 61 та автомашина вайрон бўлган.

22-сентябрь куни президент Садир Жапаров ҳавонинг совуб кетишидан олдин қисқа муддатда бузилган уй-жойларни тиклаш, бутунлай вайрон бўлган уйлар ўрнига янгиларини қуриш ҳақида кўрсатма берган эди.

Бироқ боткенликлар ҳокимият ҳалигача уйларини тикламаганидан, ваъда қилинган моддий ёрдам берилмаганидан нолиган. Буни вазирлар маҳкамасининг раиси ҳам тан олган.

19-октябрда бўлиб ўтган парламент йиғилишида вазирлар маҳкамасининг раиси барча ишларни янги йилгача тугатишга ҳаракат қилишларини, бунинг учун қурувчилар 2-3 сменада ишлашларини ваъда қилган эди.

12-декабрда меҳнат вазири Кудайберген Базарбаев Боткен вилоятида чегарадаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва жабрланганларга 12 млн 600 минг сом тўланганини билдирган. «Жанжал вақтида қариндошлари ҳалок бўлган 11 оилага 1 миллион сомдан, қариндошлари турли даражадаги жароҳат олган 10 оила бир марталик 100 мингдан 200 минг сомгача миқдорда тўланган», — деган амалдор.

Бундан ташқари, Базарбаевнинг айтишича, вазирлик Боткен вилоятига 1 млрд 600 млн сом миқдоридаги ижтимоий тўловларни бўлиб берган.

Муаллиф: Медина Купсулдаева