ИИВ: Болот Темиров Қирғизистонда туғилган, аммо Қирғизистон фуқароси эмас

302

Депутат Дастан Бекешев парламентнинг 30-ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида суриштирувчи журналист Болот Темировнинг мамлакатдан куч билан чиқарилгани бўйича масала кўтарди. Унда Бекешев Конституциянинг 51-моддасини қайта эслатиб, ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиевга «Болот Темиров бизнинг фуқароми», деб савол берди.

Унинг Қирғизистонда «ноқонуний равишда олинган» паспортлари яроқсиз деб топилгани сабаб [у Россияга депортация қилинди]. У Қирғизистон фуқароси эмас», — деди вазирнинг ўринбосари.

Депутат журналист Болот Темиров Қирғизистонда туғилганини таъкидлади. Унда Абдиев Темиров Қирғизистонда туғилганини тасдиқлаган, бироқ «ёшлигида Россияга кўчиб кетган экан, ўша ерда паспорт олган» деб айтди.

Шунингдек, Абдиев жорий йилда 13 нафар хориж фуқароси депортация қилинганини айтиб, «фуқаролар хавфсизлиги учун милиция уларга ҳамроҳ бўлишини» қўшимча қилди.

Бекешев фуқарони чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин унга кийим-кечак ва керакли нарсаларни олишга вақт берилмайдими, деб сўради. Абдиев ҳукм ўқилгандан сўнг дарҳол қонуний кучга киришини айтиб жавоб берди.

Темировнинг депортация қилиниши

23-ноябрда Бишкек шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировнинг «ҳужжатларни сохталаштириш иши» бўйича аппеляция аризасини кўриб чиққан.

Суд мажлисида давлат айбловчиси судга Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш таклифини бериб, суд Темировни мамлакатдан чиқариш бўйича янги ҳукм қабул қилган. Ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари Темировни суд залидан куч қўлланиб олиб чиқиб кетишган.

Уни қаерга олиб борилишини адвокатга ҳам, ОАВ вакилларига ҳам айтилмаган — Темиров қаерда экани бир неча соат давомида номаълум бўлган. Кейинчалик суриштирувчи Қирғизистондан Россияга депортациялангани маълум бўлди. 24-ноябрда Темировнинг хотини суриштирувчи журналист Москвада қариндошлари билан эканини билдирган.

Кейинчалик суриштирувчи журналист ўзи интервью бериб, халқаро судга мурожаат қилишини айтган.

Қирғизистондаги медиа жамоатчилиги суриштирувчи журналистнинг мамлакатдан чиқарилишини «очиқча қувғин» деб баҳолади. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса журналистни мамлакатдан чиқишга мажбурлаган ҳукуматнинг ҳаракатини танқид қилиб, Темировга ва мустақил ахборот воситаларига бўлган «босимни зудлик билан тўхтатишни» талаб қилди.