«Адилет»: Шаҳар суди Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиб, Конституцияни қўпол равишда бузди

244

23-ноябрда Бишкек шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировнинг «ҳужжатларни сохталаштириш иши» бўйича аппеляция аризасини кўриб чиққан.

Суд мажлисида давлат айбловчиси судга Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш таклифини бериб, суд Темировни мамлакатдан чиқариш бўйича янги ҳукм қабул қилган. Ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари Темировни суд залидан куч қўлланиб олиб чиқиб кетишган.

Аввалроқ Бишкекнинг Свердловск туман суди Темировни гиёҳванд моддаларни сақлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айби бўйича оқлаган, бироқ уни ҳарбий гувоҳномани қалбакилаштириш ва шунинг ортидан «ноқонуний» паспорт олганликда айбдор деб топган. Аммо даъво муддати ўтгани учун Темировга нисбатан жазо тайинланмаган.

Темировнинг ўзи сўнгги сўзида ишни «ҳокимият буюртмаси» деб атаган. Шаҳар суди йиғилишида Темировнинг ҳимоячиси жиноят таркиби йўқлиги сабабли журналистни тўлиқ оқлашни талаб қилган.

Суд қарор чиқаргач, журналист суд биносидан мажбуран олиб чиқилиб, номаълум томонга олиб кетилган.

Уч соатдан кўпроқ вақт давомида унинг қаердалиги номаълум бўлган – Темировни на вақтинчалик ҳибсхонадан, на Бишкекдаги махсус ҳибсхоналардан топиб бўлмаган. Темировнинг адвокати Баатир Ботобеков журналистларга изоҳ бериб, у ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғойиб бўлишини «зўрлаб йўқолиш» деб ҳисоблайди.

Кечга яқин Ботобеков Темировни қидириб «Манас» халқаро аэропортига келган. Адвокатга аэропортдаги милиция пунктидан журналист у ерда йўқлигини айтишган.

Бироқ соат 20:00 га яқин фуқаро кийимидаги бир неча шахслар, эҳтимол, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари милиция пунктига кириб, Темировни у ердан олиб чиқиб кетишган ва шошиб, лифт орқали уни кутиш зали томонга олиб кетишган.

Кейинчалик суриштирувчи журналистнинг адвокати Темиров Қирғизистондан Москвага депортация қилинганини билдирди.

Парламент депутатлари, мустақил ҳуқуқшунослар, медиа жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар журналист мамлакатдан куч билан чиқаришда айблаб, суд ҳукмини бекор қилишни талаб қилишган. Уларнинг бари журналистларни фуқароликдан ажратиш орқали мамлакатдан ташқарига чиқаришни — Темировнинг конституциявий ҳуқуқини бузиш ҳамда «ҳаддан ошган қувғин» деб ҳисоблашади.