Шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини қабул қилди

270

Бишкек шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировни чет эл фуқароси сифатида Қирғизистондан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

Темировни суд залида қамоққа олини. Сурат: «Клооп»

Ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари Темировни суд залидан куч билан олиб чиқиб кетишди. Уни машинага солиб, номаълум томонга олиб кетишган. Журналистнинг адвокати Баатир Ботобековнинг айтишича, Темиров қаерга олиб кетилганини матбуот ҳам, адвокатлар ҳам билмайди.

«Биз уни қаерга олиб кетишганини билмаймиз, дарҳол аэропортгами, ўлкадан ташқари олиб боришадими ёки вақтинча сақлаш жойигами? Ҳозир милиция ходимларининг қаерга олиб бораётганини ҳеч кимга тушунтирмай туриб, куч қўлланиб олиб кетгани хайрон қолдиради», — деди у

Ботобековнинг таъкидлашича, суд аввалги инстанциянинг барча қарорларини ўз кучида қолдирган, бироқ айни пайтда давлат айбловининг Темировни хорижлик сифатида мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги аризасини кўриб чиқишга қарор қилган. «Аммо биз Темиров Қирғизистон фуқароси ва бу модда унга нисбатан қўлланилмаслигини айтдик», деди адвокат.

Суд қарори чиқишидан олдин ҳам Темиров сўнгги сўзида «тергов ҳам ва суд ҳам холис ўтмаслигини», ҳаммаси «ҳокимиятнинг буйруғи» эканини айтган. Шунингдек, у ўзининг айбсизлигини исботлаш учун халқаро судга боришга тайёрлигини ҳам қўшимча қилган.

Бу Қирғизистоннинг яқин тарихида терроризм билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқбузарликлар учун фуқароликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. Шу билан бирга, Қирғизистон қонунларида «Қирғизистон Республикасининг ҳеч бир фуқароси фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин эмас» дейилган.

Болот Темировга нисбатан жиноий иш

20 январ куни Temirov Live давлат корхонаси орқали мазут сотиб 30 миллион сомдан ортиқ фойда кўрган МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг яқинлари устидан тергов бошланганини маълум қилган.

Икки кундан кейин, 22 январь куни милиция Temirov Live асосчиси Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, тўкма оқин Болот Назаровни ҳибсга олди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Темиров ва унинг жамоасига туҳмат қилувчи видеолар тарқала бошлади. Кейинроқ Темировга нисбатан яна учта жиноий иш қўзғатилган.

Темиров бу жиноий ишларни бир гуруҳ журналистлар МХДҚ раиси Камчибек Ташиев оиласининг «ишлари»ни ошкор қилгани учун тазйиқ қатори баҳолаган. Адвокатлар журналистга қарши жиноий иш қўзғатилишини «бутунлай абсурд» деб атади.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) ва Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари (CRD) расмийларни суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирган эди.

Ташкилот аъзолари Темировга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар «сиёсий хусусиятга эга» ва «ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцияни тергов қилиш учун қасос олиши аниқ» деб билдиришган.