Суриштирувчи журналист Болот Темиров Садир Жапаровни ва Қамчибек Ташиевни судга беради

249

Суриштирувчи журналист Болот Темиров президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевни «сохта ҳужжатлар тўғрисида ёлғон ва туҳмат» қилгани учун судга беришини билдирди. Бу ҳақда Темиров ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилди.

Унинг айтишича, президент ва МХДҚ етакчиси журналистларнинг ҳужжатлари сохта деб айтгани — ёлғон. Шу сабаб Темиров президент ва махсус хизматнинг етакчиси ўзларининг айтганларига раддия беришини талаб қилди.

«Биз аввалроқ ариза бердик, аммо у қабул қилгани йўқ. Аммо шикоятимиз қабул қилинмагунча қайта-қайта ариза бераверамиз», — деди журналист.

Темировнинг айтишича, у маънавий товон талаб қилмайди. У Ташиев ва Жапаровни сўзларини ёлғон деб тан олишга чақирди. Гап Ташиев ва Жапаровнинг журналист Қирғизистон фуқаролигини олиш учун «ҳарбий билетни ўғирлагани» ҳақидаги баёнотлари ҳақида кетмоқда.

Темиров барча ҳужжатларни қонуний равишда олганини таъкидлайди.

Болот Темировга қўзғалган жиноий ишлар

20-январда Temirov Live давлат ишхонаси орқали мазут сотиш орқали 30 миллион сомдан ортиқ фойда топган МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевнинг яқинлари ҳақида суриштирув эълон қилган.

Икки кундан кейин, 22-январда, милиция Temirov Live’нинг асосчиси Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, оқин Болот Назаровни ҳибсга олган. Темиров ноқонуний равишда паспорт ва ҳарбий гувоҳнома олиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва наркотик моддаларни сақлашда айбланган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Темиров ва унинг жамоасига туҳмат қилувчи видеолар тарқала бошлаган.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Норвегия Хелсинки қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки жамғармаси ва фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари   расмийларни суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирган эди.

Ташкилот аъзолари Темировга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни «сиёсий хусусиятга эга» ва «ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцияни суриштиргани учун қасос олиш» деб билдиришган.