Европа Иттифоқи Қирғизистонда рақамлаштиришни ривожлантириш учун 3 миллион евро ажратади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Билдирувда айтилишича, бундай қарор Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Айбек Молдогазиевнинг Европа комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича бош директори Петерис Устубс билан учрашувининг натижасида қабул қилинди.
«2021-2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик индикатив дастур доирасидаги лойиҳаларни давом эттириш, шунингдек, рақамлаштириш тармоғидаги лойиҳанинг доирасида 3 миллион евро миқдорида бюджет ёрдамини олиш тўғрисида келишувга эришилди», — деб айтилади маълумотда.
Бундан ташқари, вазирнинг ўринбосари Айбек Молдогазиев Европа инвестиция банкининг вице-президенти Тереза Червинска билан учрашди. Унда энергетика ва транспорт соҳасида яшил инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Қирғизистонга икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик салоҳиятини очиш учун эксперт гуруҳи келиши бўйича келишувга эришилгани айтилди.
2021 йил охирида Европа Иттифоқи Қирғизистон таълим соҳасини рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш учун иккита грант шаклида 19,4 миллион евро ажратди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Қирғизистон билан 2021-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги кўп йиллик индикатив дастурини қабул қилди. Ушбу дастурнинг дастлабки тўрт йилида менежмент ва рақамлаштириш, инсон тараққиёти, яшил ва барқарор иқлим иқтисодиёти учун грантлар кўринишида мамлакатга 62 миллион евро ажратилади.