Садир Жапаров тадбиркорлик фаолиятини текширишга 2023 йилгача мораторий киритди

268

Президент Садир Жапаров 2023 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектларида аудит ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилган.

Мораторий 2023 йил 1 январдан кучга киради. Фармон «хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестисия муҳитини яхшилаш»га қаратилган.

Шунингдек, Президент тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида тадбиркорлик ва ишбилармонлик ривожига салбий таъсир кўрсатаётган, аҳолининг тадбиркорлик фаоллиги даражасининг пасайишига олиб келадиган «муаммолар мавжуд»лигини таъкидлади.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ ва назорат органлари томонидан ўтказилган кўплаб текширувлар ва ваколатлардан ошиб кетиш ҳолатлари ана шундай муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, бу борада кичик, ўрта ва йирик бизнес вакиллари, жумладан, тижорат банклари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда», — дейилади Президент қарорида.

Жапаров вазирлар маҳкамасига кичик, ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, тижорат банклари фаолиятини текширишда вақтинчалик чекловлар жорий этиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини «асоссиз» ва «ўз мансаб ваколати ёки бошқа шахсий манфаатларини кўзлаб» текширган мансабдор шахслар эгаллаб турган лавозимидан озод этилгунга қадар маъмурий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтди.