Мамлакатга казино ўйинларини ўйнаш учун келган хорижликлар учун визани бекор қилиш таклиф этилди

137

Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги Қирғизистонга казино ўйинларини ўйнаш учун келган чет эл фуқароларига мамлакатда визасиз ва рўйхатдан ўтмасдан 15 кундан кўп бўлмаган муддатга қолиш имконини берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Ҳужжат 21-ноябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

У вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаровнинг Иссиқкўл вилоятидаги «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасининг ҳудудида «Тамчи» махсус кўнгилочар зонасини ташкил этиш тўғрисидаги топшириғини бажариш мақсадида ишлаб чиққани таъкидланади.

Қонун лойиҳасига кўра, хорижликлар ўз паспортларини кўрсатиш орқали мамлакатга кириш/чиқишлари мумкин. Бошқа ҳужжатлар талаб қилинмайди. Чегарани кесиб ўтгандан сўнг, чет элликлар дарҳол кўнгилочар зонасига боришлари керак. Вазирлар Маҳкамаси ҳам буни тартибга солувчи низом қабул қилиши керак.

Қонун лойиҳасининг ташаббускорлари махсус кўнгилочар зона чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик учун қўшимча жазо чоралари: 500 дан 1000 ҳисоб кўрсаткичига қадар жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини киритиш ниятида.

Қиморхоналарни очиш

Президент Садир Жапаров 30-июнда Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолаган. Шу пайтгача парламентда қонун қабул қилиниши можаролар билан кечиб, мамлакатнинг қатор шаҳарларида казинолар очилишига қарши митинглар ўтказилган эди.

Ҳукумат имзоланган қонуннинг мақсади «инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали давлат бюджетига қўшимча маблағлар жалб қилиш» эканини маълум қилган.

Қабул қилинган қонунга кўра, Қирғизистоннинг фуқаролари казино мижози бўла олмайди. Қонунга қарши томонлар бунга ишонмайдилар, чунки улар ҳокимият бу талабнинг бажарилишини таъминлай олмайди, деб ҳисоблашади.

Иқтисодиёт вазири Данияр Амангелдиев 21-ноябрда парламентнинг профиль қўмитасининг йиғилишида мамлакат ҳудудида қиморхона очиш учунҳозирча ҳеч ким лицензия олмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, лицензия олиш учун 3 та ариза келиб тушган. У ҳозирги вақтда Рақамлаштириш вазирлиги билан кўнгилочар жойларга қирғизистонликларни киргизмасликнинг тизими ишланаётганини қўшимча қилган. Мазкур тизим қирғизистонликларнинг шахсий идентификация рақамига уланиши таъкидланади.

Йиғинда вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров қиморхоналар 2023-йилдан бошлаб очила бошлайди деб тахмин қилган.