Чуй вилоятининг Аламедин туман суди Қурманбек Бакиевнинг давридаги президент аппаратини бошқарган собиқ раҳбари Медет Садирқуловнинг ўлдирилиши бўйича ишни кўриб чиқишни якунлади. Бу ҳақда «Клооп»га Чуй вилоят судидан маълум қилишди.
Суд айбланувчи Санжар Сапарбековни «Озодликдан ноқонуний маҳрум қилиш», «Қотиллик», «Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш» ҳамда «Ҳужжатлар, штамплар, муҳрларни ўғирлаш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки яшириш» моддалари бўйича айбдор деб топди.
Суд уни 14 йилга умумий режимдаги колонияга озодликдан маҳрум қилиш ва 15 минг сом жаримага ҳукм қилди.
Сапарбековнинг ўзи сўнгги сўзида ўз айбини тан олмаслигини айтиб, Садирқуловнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
«Бу иш бўйича бирорта ҳам гувоҳ мени кўрсатгани йўқ. Демак бу мен у ерда бўлмаганимни англатади. Мени айбимни тасдиқловчи далил йўқ», — дея айбланувчининг сўзларини келтиради AKIpress.
Санжар Сапарбеков қочоқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максимнинг ёшликдаги дўсти эди. У 2011 йилдан буён бу иш бўйича айбланувчи бўлиб келган. Кейин эса Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро қидирувга берилган.
Садирқуловнинг ўлдирилиши
Медет Садирқулов — президент Қурманбек Бакиевнинг аппарат етакчиси ва Бакиевнинг «Ак-Жол» партияси асосчиларидан бири эди. У 2009 йилнинг 13 мартида сирли тарзда вафот этган.
Ўша пайтда расмийлар томонидан эълон қилинган дастлабки версияга кўра, Садирқулов бораётган «Лексус»ни оқ рангдаги «Ауди 100» русумидаги автомобил уриб кетиб, шундан сўнг йўлтанламас ёниб кетиб, ичидаги Садирқулов ва унинг дўсти, аниқроғи Халқаро стратегия тадқиқот институтнинг собиқ директори Сергей Слепченко, шунингдек ҳайдовчи Кубат Сулаймонов вафот этган.
Ўлимга сабаб бўлган авто авария Ўш вилоятининг ишсиз турғуни Омурбек Осмонов айбдор деб топилган. Суд уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган.
2010-йилдаги апрель воқеаларидан кейин Омурбек Осмонов ўлдирилган.
Бакиев 2010-йилнинг апрелида тахтдан қулатилгандан кейин Садирқуловнинг ўлими бўйича иш қайта очилган эди. Ака-ука Бакиевлар мамлакатда тўнтариш уюштиришга ҳаракат қилаётган собиқ амалдорни ўлдириш ишини уюштиришга, кейин унинг ўлимини автоҳалокат қатори имитациялашда айбланишган. Президентнинг укаси, Жаниш Бакиев бу иш бўйича сиртдан умрдоб озодликдан маҳрум қилинган.
Тергов версияси бўйича, Медет Садирқулов кетаётган машинани Йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш бошқармаси ва ИИВнинг жиноий суриштирув бош бошқармаса, шунингдек Давлат патрул хизматининг собиқ ва ҳозирги ходимлари тўхтатган. Садирқуловни президент Бакиевнинг иш бошқармасининг етакчиси Қурманбек Темирбаевнинг дачасига олиб боришган. Ўша ерда ўлдириб, кейин воқеани йўл ҳалокати қатори кўрсатишган.
Садирқулов ўлдириладиган куни кикбоксёрдан юзига қаттиқ зарба егани, шундан кейин қаршилик кўрсата олмай қолгани айтилган. Шундан сўнг Санжар Сапарбеков Садиркуловнинг бўйнига ип боғлаб, бўғиб ўлдирган.