Аравон: Собиқ эрининг зўравонлигига учраган аёлнинг иши қисқартирилгани айтилди

297

Аравон туманида собиқ турмуш ўртоғидан зўравонлик кўрган аёлнинг иши қисқартирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Мухайё Абдураупова билдирди.

Абдураупова терговчи жабрланувчига учрашмай қочиб юрибди деб билдирди. Унинг айтишича, аёлнинг бирга яшашга мажбурлаш, калтаклаш, мулкини йўқ қилиш бўйича ишлари Аравон туман ИИБ томонидан 24-сентябрда қисқартирилгани маълум бўлган.

«Аёл 86% эшитмай қолган. Терговчи прокурорлар, судлар билан маслаҳатлашиб, шу сабабдан шундай қарорга келганини айтмоқда. Қирғизистонда аёл зўравонликдан ҳимояланишига ишонмай қўявериши керак», — деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячиси.

У аёлнинг иши CEDAW’га (Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча формаларини йўқ қилиш ҳақида конвенция) юборилишини қўшимча қилди.

Зўравонликка учраган аёлларнинг иши

22-августда адвокат Абдураупова Аравон туман ИИБи зўравонликка дуч келган аёлларнинг аризасни қабул қилмай қўйганини айтиб чиққан.

Унинг айтишича, Аравонлик фуқаро бир йилдан бери турмуш ўртоғи билан ажратишга ҳаракат қилиб келади. Аммо эркак ажралишга рухсат бермай, уни ўзи билан яшашга мажбурлайди.

Адвокат 2021-йилнинг март ойида видеокузатув камераси томонидан олинган кадрларни эълон қилди. Унда эркак аёлнинг уйига ҳовли панжарасидан ўтиб кириб,  ёш боласининг кўз ўнгида жабрланувчига ҳужум қилгани, унинг телефонини синдириб ташлаганини кўриш мумкин.

Ўшандан бери зўравонлик тўхтагани йўқ – шу йилнинг 13 июль куни эркак аёлнинг иш жойига бориб,  бошқаларнинг кўзида унга зўравонлик  кўрсатган.

21-июль куни эса эркак аёлни бўғиб, тепиб,  калтаклаган, иккинчи телефонини ҳам синдириб, «ажрашолмайсан» деб уйига мажбурлаб олиб келган.

Абдураупова аёл милицияга мурожаат қилганида, улар воқеани «Соғликка енгил зарар етказиш»  моддаси бўйича қайд этишган, бироқ калтаклаш ва мажбуран никоҳдан ўтказиш факти бўйича аризани қабул қилмаганини айтган.

Адвокат бу ҳақда ижтимоий тармоқда ёзганидан сўнг,  23-август куни Аравон туман ИИБ аёлни милицияга чақириб, ариза олган.

Милициядан эса  Абдураупованинг сўзларини рад этишган.  Улар «аёл 16 август куни Аравон туман ИИБга мурожаат қилган, бироқ яна келишга ваъда бериб кетиб қолган» деб билдиришган.

Аёлнинг июль ойида ёзган аризасига кўра, «Соғлиққа енгил зарар етказиш»  моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Қорасув туман ИИБга ўтказилганини айтишган. Вилоят ИИБдан иш суд назорати остида эканини қўшимча қилишган.

Октябрь ойида шахсга нисбатан «Соғлиққа енгил зарар етказиш» моддаси бўйича 50 минг сом жарима солингани маълум бўлган. Бундай қарорни Қорасув туман суди қабул қилган эди.

Қирғизистондаги аёлларга нисбатан зўравонлик

ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти қайд этилган. Бу 2020-йилга нисбатан 12%га кўп.

Зўравонликдан аксарият аёллар жабр кўради. Уларнинг кўрчилиги милицияга шикоят билан мурожаат қилмагани сабаб, ҳолат рўйхатга олинмай қолади. Бу оилавий зўравонликнинг кўлами расмий статистикадан бир қанча кўп эканидан хабар беради.

Тажовузкорни қонун доирасида жазолаш жуда мураккаб — аксарият жиноят ишлари жарима пули тўлаш ёки жамоатчилик ишларига жалб қилиш билан чекланади. Шу сабабдан суд жавобига тортилмаслигини билган агрессор аёлни ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.