Қамоққа олинган журналист Сатибалдиева гаров эвазига озод қилинди

283

Журналист ва МИР 24 ҳудудий ахборот сайтининг раҳбари Санрабия Сатибалдиева гаров эвазига озод қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг айтишича, бу қарорни терговчи қабул қилган.

Сатибалдиева «Азаттык»қа берган интервьюсида ҳозирда Республика касалхонасида шифокорлар назоратида эканлигини айтган.

Журналист 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси Бишкекда қўлга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг айтишича, Сатибалдиева ҳомиладор бўлишига қарамай, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Бироқ кейинчалик журналист ҳомиласининг тушиш хавфи туфайли касалхонага ётқизилган. Кейин уни вақтинча сақлаш изоляторига қайтаришган, у ердан яна касалхонага олиб кетишган. Омбудсман Атир Абдраҳматова милицияни Сатибалдиевага нисбатан қўпол муносабатда бўлганликда айблаган.

Ички ишлар вазирлиги журналист Жогорку Кенеш депутатларидан 2000 доллар ундиришда гумон қилинаётганини маълум қилган. Бундан ташқари, бошқарма Сатибалдиева «2016-2017 йиллардаги аудиоёзувларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиб, депутатни шантаж қилганини» даъво қилмоқда. Сатибалдиеванинг ўзи эса «уни Ташиевлар “подстава” қилганини» айтди. Сатибалдиева билан шерикликда гумон қилиниб, МИР 24 сайтининг оператори Калис Аширбаев ва «Жорго такси»нинг ҳайдовчиси қўлга олинган.