Жапаров: Инсон ҳақлари ва эркинлиги — мамлакатдаги энг олий қадриятлардан бири

231

4-ноябрда президент Садир Жапаров бир қатор давлатларнинг Қирғизистондаги дипломатик вакиллигининг раҳбарлари билан учрашди.

Давлат раҳбари Франциянинг элчиси Франсуа Делаус, Германиянинг элчиси Габриэла Геллил, АҚШнинг Қирғизистондаги муваққат ишончли вакили Соната Коултер ҳамда Буюк Британиянинг мамлакатдаги муваққат вакили Энн Херриган билан учрашди.

Учраушвда кун тартибидаги долзарб воқеалар, мамлакатдаги сўз эркинлигининг аҳволи ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида фикрлар айтилди.

Президентнинг матбуот хизмати Жапаров учрашувда «Қирғизистон ҳар доим қонун устуворлиги тамойилларига содиқ қолишини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мамлакатдаги олий қадриятлардан бири эканлигини» таъкидлаганини билдирди.

«Шу билан бирга, у эркинлик масъулиятга, масъулият эса эркинликка етаклашини, эркинлик қанчалик кўп бўлса, масъулият ҳам шунчалик ортишини қўшимча қилди. Шу муносабат билан Садир Жапаров Қирғизистонда ҳеч ким бузмайдиган ягона талаб – амалдаги қонунчиликка қатъий ва аниқ риоя қилиш ҳамда ижро этиш эканини таъкидлади», — деб айтилади маълумотда.

Дипломатик миссиялар раҳбарлари эса «Қирғизистон халқаро ташкилотлар рейтингига кўра, минтақада сўз эркинлиги ва демократия бўйича етакчи бўлиб қолаётганини» қайд этишди.

Шунингдек, дипломатик корпус вакиллари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги воқеаларга ҳам тўхталиб, халқаро ташкилотлар ва журналистлар билан биргаликда Боткен вилоятидаги вайрон бўлган ижтимоий ва инфратузилма объектларини кўздан кечиришгани ва фожиа кўламидан қайғуда эканликларини таъкидладилар.

Қирғизистонда охирги вақтларда ҳукуматнинг ОАВга ва сўз эркинлигига нисбатан босимининг янги тўлқини кузатилмоқда.

Масалан, 26-октябрда Маданият вазирлиги «Азаттык»нинг сайтини икки ойга блоклашга қарор қилган. Бунга мазкур медиа 14-17-сентябрдаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжал ҳақида «миллий манфаатларга қарши келган ноаниқ материал эълон қилгани» сабаб бўлди дейишган. Сайт «Аниқ эмас (ёлғон) маълумотлардан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонунига кўра тўсилган. Бу қонун фейклар ҳақидаги қонун қатори ҳам маълум.

«Азаттык» медиасидан эса улар Маданият вазирлиги тилга олган материал мазмуни ўрганиб чиқилганини ва унда «меъёрларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланмагани» айтилган.

Кейинчалик 31-октябрда «Демирбанк» тижорий банки МХДҚнинг талаби ва суд қарорисиз «Азаттык»нинг ҳисобини музлатгани маълум бўлган.  «Азаттык»нинг аниқлик киритишича, улар ҳисобининг музлатилгани ҳақида банк вакиллари билан бўлган телефон суҳбати орқали билишган.

Чегарада қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-17 сентябрь кунлари қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Ўққа тутилган ва жанглар кетаётган жойларда яшовчи 136 мингдан ортиқ қирғизистонлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Қирғизистоннинг бир қанча қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чегарадаги қуролли тўқнашувларда камида 63 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, 206 нафари яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувлар натижасида 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳар икки томон бир-бирини можаронинг кучайишида айблаган.