«Пул таъма қилишда» гумонланиб қўлга олинган журналист Санрабия Сатибалдиева ҳеч кимдан пул олмаганини ва бу ишга Жогорку Кенешнинг депутати Шайирбек Ташиевнинг алоқаси бор эканини айтди.
Сатибалдиева иш бўйича тарқаган маълумотда МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевнинг номи айтилмаётганини таъкидлади.
«Нимага пресс-релизда Шайирбек Ташиевнинг номи йўқ бўляпти, менга жуда қизиқ. Бу ерда Қамчибек Ташиевнинг исми бўлиши керак эди. Булар ўзлари “подстава” қилиб, барини [бизга] тўнкаб қўйишди. Тергов учунгина индамай турибман», — деди у.
MIR 24 сайтининг журналисти Санрабия Сатибалдиева ва тасвирчиси Калис Аширбеков 4-октябрга ўтар кечаси қўлга олиниб, 48 соатга қамоққа олинган. ИИВнинг маълумотига кўра, журналист, тасвирчи ва «Жорго-Такси»нинг ҳайдовчиси «пул таълаб қилишда» гумонланмоқда.
«3-ноябрда Жогорку Кенешнинг айрим депутатларидан уларнинг 2016-2017-йиллардаги аудио ёзувларни тарқатишини айтиб пул талаб қилиб юрган бир қатор одамлар 3 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган. Асосий жиноятга гумонланувчи MIR 24 ахборот порталининг етакчиси, Жогорку Кенешнинг депутати Тазабек Икрамовнинг пиар-менежери С.С.К исмли фуқаро», — деб билдиришган ИИВдан.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Санрабия Сатибалдиева ҳомиладор эканини, шифокорлар унинг ҳомиласи тушиб қолиш хавфи борлигини айтганига қарамай қамоққа олинганини айтиб чиққан.
Сатибалдиева охирги оммавий ҳибсга олишлар бўйича фикрини ижтимоий тармоқларда очиқ ёзган. Шунингдек ноқонуний фаолиятларни, айниқса Жалолободдаги маҳаллий амалдорларни танқид қилиб келади.
2018-йили журналистга уйининг олдида ҳужум бўлган. Ўшанда номаълум шахс уни пичоқлаб, журналист касалхонага тушган.