Атазов ИИВни одамларни далилсиз «экстремизм»да айбламасликка чақирди

241

Депутат Шайлобек Атазов Жогорку Кенешнинг 3 ноябрдаги йиғилишида ИИВни фуқароларни «диний экстремист» деган айб билан қамамай, фирибгарлар билан курашишга чақирди.

Депутат журналист  Семетей Талас ўғли ва Азимбек Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаровни яқинда ҳибсга олингани ортидан фикрини билдирди. Улар «экстремистик материаллар»ни тарқатишда гумон қилинмоқда.

Атазов ИИВнинг вакилларидан «экстремист» дегани ким эканлигига қисқача таъриф беришни сўради. Вазирликдан «қисқача айтганда, у қонун доирасидан чиқаётган [шахс] », деб жавоб беришди.

«Нима учун “экстремист” дегандаёқ “диний экстремист” деб динга ёпиштираверасизлар? Бизда намоз ўқимаган, динга ишонмайдиган экстремистлар ҳам бор. Сиз ўшалар билан курашишингиз керак. Бир пост ёзиб қўйган журналистни экстремист деб  олиб келяпсиз. Мана, Умрага бориб келган, беш вақт намоз ўқиган Руслан Бекназаровни (Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаровнинг ўғли) диний экстремист сифатида олиб келяпсиз. Бу шармандалик. Жамиятнинг, Қирғизистоннинг ярмини, диний экстремист қилиб ташлайсизларми? Бу қанақа кураш?» – деб норози бўлди депутат.

ИИВ бошқармасининг бошлиғи Улан Бердибаев интернетда экстремистик материалларни тарқатаётган ўша диний гуруҳлар томонидан кўплаб таҳдидлар борлигини айтиб жавоб берди. Атазов аввал экстремистларни аниқ қилиб берувчи экспертлардан изоҳ олиш кераклигини таъкидлади.

«Мана бугун пирамидаларни очиб олиб одамларни талашяпти. Шу ўғрилар билан курашинглар. Халқимизни иймонга, намозга, иффатга, тартиб-интизомга чорлаётган болаларни экстремист деб қамаб қўймоқчимисиз? Кимнидир айблашдан олдин буни исботлаш керак», - деди Атазов.

ИИВ бошчисининг ўринбосари Нурбек Абдиев материаллар экспертизанинг асосида терговчилар томонидан судга ўтказилишини, шундан сўнг фуқароларнинг айби бор ёки йўқлигини суд ҳал қилишини айтиб жавоб берди.

Экстремистик материалларни тарқатганлик учун ҳибсга олиш

1 ноябрда милиция ходимлари журналист Семетей Талас ўғлини «экстремистик материалларни тарқатиш»да гумон қилиб ҳибсга олган. 3 ноябрда журналист 2022 йилнинг 7 декабрига қадар уй қамоғига чиқарган.

Маълумки, журналист Кампиробод сув омбори бўйича келишувни танқид қилгани учун ҳибсга олинган сиёсатчилар ва фаолларни қўллаб-қувватловчи постлар ёзиб келган.

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров ҳам экстремистик материаллар тарқатишда гумон қилинмоқда. У 14 сентябрда ҳибсга олинган. Милиция томонидан Фейсбук ижтимоий тармоғини мониторинг қилиш давомида Қирғизистонда фаолияти тақиқланган «Ҳизбут-Таҳрир-ал-Исломий» террорчилик ташкилоти мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилган аккаунт аниқлангани маълум қилинди.

2 ноябрь куни Бекназаровнинг ўғли 2022 йилнинг 12 декабрига қадар уй қамоғига чиқарилди. Айни вақтда унинг отаси Азимбек Бекназаров ҳам оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, Бишкекдаги ТИЗО-1 ҳибсхонасида сақланмоқда. У ҳам Кампирободни қўриқлаш қўмитасининг бошқа аъзолари сингари сув омборининг Ўзбекистонга берилиши билан боғлиқ танқидлардан сўнг ҳибсга олинган.