Омбудсман қўлга олинган журналистга ғайриинсоний муомала қилинганини билдирди

241

Омбудсман Атир Абдрахматова журналист Санрабия Сатибалдиевага нисбатан милиция ходимлари ғайриинсоний муносабатда бўлгани ҳақида билдирди. Бу ҳақда омбудсман «Клооп»нинг журналисти билан суҳбатда айтди.

Абдрахматова вақтинча сақлаш изоляторига бориб, Сатибалдиевани касалхонага ётқизганини билдирди.

«У тўрт ойлик ҳомиладор. Милиция негадир уни тун бўйи тушунарсиз ерларга судраб юраверибди. Вақтинча сақлаш изоляторига учинчи марта тез ёрдам чақиртирдим, ундан олдин яна икки марта чақирганмиз. Бугун эрталаб ҳам шифокорлар уни касалхонага ётқизиш кераклигини айтишганига қарамай, унга ҳамроҳ бўлган милиция у ва шифокорлар ёлғон гапирмоқда деб қарор қилиб, уни яна тергов изоляторига олиб кетишди. Адвокат шифокорларга босим ўтказилганини айтди. Сатибалдиева вақтинчалик ҳибсхонада бир марта ҳушини йўқотганини айтиб берди», — деди Омбудсман.

Абдрахматованинг айтишича, Сатибалдиевага адвокатлари билан бирга бориб учрашган.

«Мен тез ёрдам хизмати ва прокуратурани чақирганман, аммо тез ёрдамгина келди. ИИВнинг шифокорларини ҳам кўп вақт маслаҳатлашиб кейин чақиришди.  Ҳомиладор аёлнинг вазиятини айтиб шикоят қилганига қарамай касалхонага ётқизмай олиб юраверишгани учун ким жавобгарликни ўз зиммасига олади деб сўрадим. […] Ҳозир журналистни Миллий касалхонага олиб келишди», — деб билдирди Омбудсман.

Абрахматова қўлга олинган иккинчи одам, MIR 24 ҳудудий сайтининг оператори Калис Аширбеков билан ҳам учрашганини билдирди.

«Операторни адвокатнинг иштирокисиз сўроқ қилишибди. Давлат адвокати сўроқдан кейин келиб, шунчаки ҳужжатга имзо чекибди, бу ноқонуний. Ҳозир ҳибсга олинган тасвирчига бошқа адвокат тайинланди. Биз сўроқда иштирок этмай туриб, ҳужжатга имзо чеккан милиция ва адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қиламиз. Уларни ҳам жавобгарликка тортиш учун ҳам. Шунингдек, журналистни касалхонага ётқизиш ўрнига уни вақтинчалик тергов изоляторига олиб кетиб қолган милиционерларни жавобгарликка тортишни, Сатибалдиеванинг аҳволи учун жавобгарлини олишини талаб қиламиз», — деди Абдрахматова.

Сатибалдиевага омбудсман билан бирга адвокат бўлиб Замир Жоошев ҳам борган. У журналист нима учун бир неча бор касалхонага ётқизилганини айтиб берди.

«Эрталаб тез ёрдам машинаси Сатибалдиевани касалхонага олиб борди, у ерда неврология бўлими бош шифокори ҳомиланинг тушиш хавфи борлиги сабабли уни касалхонага ётқизиш зарурлигини айтди. У касалхонага жойлашиб бўлгач, ТИВ ходимлари уни олиб кетишди. Кейинроқ тез ёрдам машинаси ва Ички ишлар вазирлиги қошидаги шифохона шифокорлари уни кўрикдан ўтказгач, касалхонага ётқизиш зарурлигини айтишди», — деди у.

Адвокатга кўра, журналистга қўйилаётган модда нотўғри. Жоошев бу масала бўйича прокуратурага ёки судга мурожаат қилишларини, улар терговчига қонунга риоя қилиш кераклиги бўйича кўрсатма бериши кераклигини таъкидлади.

«Уни “Уюшган (УЖГ) гуруҳ билан қилинган товламачилик” моддаси билан қўлга олишди. Аммо  олдиндан айтадиган бўлсак, улар қилди деб айтаётган ҳаракатга бундай баҳо бериш тўғри эмас, чунки оддий фуқаролар жиноий гуруҳ (УЖГ) бўлиб ҳисобланмайди. Бу оғир модда — ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган», — деди у.

Адвокатнинг фикрича, иш «Одамларнинг гуруҳи ёки олдиндан келишиш бўйича одамларнинг бир гуруҳи томонидан таъма билан талаб қилиш» моддаси бўйича қўзғалиши керак эди.

Сатибалдиева ва Аширбеков 4 ноябрга ўтар кечаси қўлга олиниб, 24 соатга вақтинчалик сақлаш изоляторига киргизилган. Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги 3 ноябрда Жогорку Кенешнинг айрим депутатларидан уларнинг 2016-2017-йиллардаги аудиоёзувларини тарқатишини айтиб пул талаб қилиб юрган бир қатор одамлар 2000 АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида ушланганини билдирган.  Шу билан бирга,  депутатларининг исм-шарифлари айтилмаган.