БМТнинг қўмитаси ҳукуматни муҳим маълумотни тарқатиш учун тақибларни тўхтатишга чақирди

274

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатчилар, журналистлар ва бошқаларга ҳокимиятникига тўғри келмайдиган фикрларни билдириш учун босим ўтказаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди. Ташкилот бу ҳақда Қирғизистонда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг амалга оширилишини ўрганганидан сўнг маълум қилди.

«Қўмита аъзолари Қирғизистон расмийларини жамоат манфаатларига оид муҳим маълумотларни тарқатиш учун жиноий таъқибдан фойдаланиш амалиётидан воз кечишга чақирди. «Мутахассислар шунингдек, қамоқхонадаги ўлим ҳолатларини текшириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, қурбонларнинг оилаларига етарли миқдорда товон тўлашни талаб қилишган», — дейилади қўмита хабарида. Қийноқларнинг олдини олиш марказининг маълумотига кўра, 2019-2021-йиллар оралиғида аҳлоқ тузатиш қамоқларида 151 киши вафот этган, уларнинг ичидан 19 нафари ўз жонига қасд қилганлар.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ҳукуматнинг оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигига босимнинг янги тўлқини кузатилмоқда.

Масалан, 26 октябрда Маданият вазирлиги «Азаттиқ» сайтини икки ойга тўсиб қўйишга қарор қилган. Бунга 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашувга оид «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб, дейилган. Сайт «Нотўғри (нотўғри) маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ блокланган. Ушбу қонун фейклар тўғрисидаги қонун сифатида ҳам танилган.

Кейинроқ, 31-октябрда «Демирбанк» тижорат банки МХДҚ сўрови ва суд қарорисиз «Азаттиқ»нинг ҳисоб рақамини блоклагани маълум бўлган. Шундан сўнг, Демир Банк «Террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга (ювишга) қарши курашиш тўғрисида»ги қонун асосида «Азаттик Медиа»нинг банк ҳисобига кириш ёпилганини маълум қилган.

«Озод Европа/Озодлик» радиоси президенти Жейми Флай «Қирғизистон ҳукуматининг бу каби эскалацияси Қирғизистон қонунларини бузаётгандек кўринади» ва ташкилот «Азаттык»ни   журналистларининг овозини ўчириш ҳаракатларига қарши курашишини билдирган.

Бундан ташқари, экспертларга кўра, Қирғизистонда сўз эркинлиги ёмонлашганига яқинда 20 дан  ортиқ журналист ва фаолнинг ҳибсга олиниши мисол бўла олади. Улар Кампирободни Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, объектни қўриқлаш қўмитасини тузишган эди. Ички ишлар вазирлигидан сиёсатчилар ва фаоллар «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилган. 25 октябрга ўтар кечаси Бишкекнинг Биринчи Май туман суди ҳибсга олинганларнинг деярли барчасини икки ойга ҳибсга олган.

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга нисбатан очилган ишлар «тўқима» эканини даъво қилишмоқда. Улар Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтиб чиққани сабаб  жиноий жавобгарликка тортилмоқда деб ҳисоблашади.

Шунингдек, халқаро Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти нашрнинг сайти тўсилишига изоҳ бериб, қирғиз ҳукумати яқиндагина сўз эркинлиги билан фуқаролик жамиятига берилган зарба ортида ОАВни назорат қилиш ва цензурага олиш бўйича чораларини кучайтириш деб билдирган. Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти эса қирғиз ҳукуматини « “Азаттык”нинг сайтига қўйилган тўсиқни тез орада бекор қилишни ва сайтни тўсиш қарорини қабул қилишга асос бўлган “Аниқ бўлмаган  (ёлғон) ахборот (фейклар ҳақидаги)” қонунни бекор қилишни талаб қилган.

Бироқ расмийлар мамлакатда сўз эркинлигига босим йўқ, деб ишонтирмоқда.

«Қирғизистонда сўз эркинлиги бўлган, ҳозир ҳам, келажакда ҳам бўлади. Лекин шуни унутмаслик керакки, сўз эркинлиги доимо масъулият тушунчаси билан узвий боғлиқдир. Бугун Қирғизистонда эркин ОАВ фаолиятига ҳеч қандай чекловлар йўқ. Ягона нарса [...] қонунни мукаммал ижро этиш талаби», — деб билдирган 28 октябрда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев.

2022 йилнинг май ойида ахборот эркинлигини ҳимоя қилувчи «Чегара билмас мухбирлар» («Репортеры без границ») ташкилоти «матбуот эркинлиги» бўйича йиллик глобал рейтингини эълон қилган. Қирғизистон ўша рейтингда 180 мамлакат ичидан 72-ўринни эгаллаган. Ҳисоботда айтилишича, мамлакат 2021 йилда 79-ўринда бўлади. Шу билан бирга, ташкилот [рейтинг яратишда] усуллар ўзгарганини ва «2021 ва 2022 йиллардаги позицияларни солиштиришда эҳтиёткор бўлиш зарурлигини» таъкидлаган.