Марҳум журналист Арзигул Галимбетованинг опаси Тажигул Галимбетова синглисининг ўлимида шубҳали ҳолатлар борлигини айтиб, унинг иши бўйича ҳибсга олинган блогер Батмакан Жолболдуевага ҳеч қандай даъвоси йўқлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Super.kg порталига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Тажигул Галимбетова синглиси ўлими олдидан нима сабабдан касалхонага борганлиги номаълумлигини айтди. Шунингдек, суд мажлисларида шифокорларнинг сўзлари бир-бирига «тўғри келмай» воқеани «ҳар ким турлича айтганини» таъкидлади.
«Ҳамшира касалхона йўлагида Арзигулнинг оғзидан оқ кўпик чиқаётганини кўрганини айтади. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса реаниматолог уни реанимация бўлимига олиб келганда клиник ўлим ҳолатида бўлганини маълум қилди. Терапия бўлими шифокорлари аксинча ўша пайтда беморнинг тирик эканлигини айтишибди», — дейди у.
Бундан ташқари, у синглисини неврология бўлимига ётқизилганига қарамай, шифокорлар у астмадан вафот этганини айтишганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, синглиси астма билан оғримаган.
«Текширув натижалари қаттиқ асабийлашиш натижасида майда қон томирлари ёрилиб кетган деган хулоса чиқарди. Шифокорлар эса синглимни астма касаллигидан вафот этганини айтишди. Унда нега неврология бўлимига қабул қилишди, шунга ҳайронман. Астмага қарши дорилар берилмаган. Мен унинг опаси сифатида шуни айтишим мумкинки, Арзигул ҳеч қандай астма касаллигидан азият чекмаган. Турмушдан ажрашган пайтида, жуда хафа бўлганида, томоғи оғриган. Бироқ, касалхонага бориб, охирги 8-9 йилдан буён томоқ оғриғидан холос бўлган. Арзигул ўзига яхши эътибор қаратиб, ўзини қадрлайдиган инсон эди. Доим витаминлар истеъмол қилар, соғлиғига яхши ғамхўрлик қиларди», — деди у.
Шунингдек, у шу кунгача журналистнинг шахсий ноутбугини топа олмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, тергов жараёнида унинг иккала қўл телефони ҳам олиб қўйилган, орадан 2 ой ўтиб «оча олмадик» деб қайтариб беришган. Бироқ, телефонлардаги маълумотлар, сақланган контактлар «бутунлай ўчирилган».
Бундан ташқари, у синглисининг ўлимида гумонланиб ҳибсга олинган Батмакан Жолболдуевага даъвоси йўқлигини айтади.
«Синглимнинг ўлимида гумон қилинаётган Батмакан Жолболдуевага аввалдан даъвомиз йўқлигини айтдик. Чунки Арзигулнинг ўзи “Батмаканнинг гапига эътибор бермадим, лекин милицияга унинг устидан ариза ёз, дейишяпти”, деб қолди. Кейин нима учун милицияга бориб, ариза ёзганини билмайман. Лекин мен шуни айтган бўлардимки, Арзигул фақат Батмаканнинг “тунги капалак” деган сўзи учун ўлиб қолмас эди. Чунки у аввал ҳам шунга ўхшаш сўзларни кўп эшитган эди. Одамларнинг гапига парво қилмасди, одамлар гапираверади, деб ўз касбий фаолиятини давом эттирарди», — деди у.
Шу сабабли марҳумнинг опаси МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевга мурожаат қилиб, уни шахсан қабул қилишни сўради.
Галимбетованинг ўлими, Жолболдуеванинг ҳибсга олиниши
«АКИпресс» нашрининг Боткен вилоятидаги вакили Арзигул Галимбетова 26 мартга ўтар кечаси вафот этган.
Унинг ҳамкасблари журналистга сўнги вақтларда «туҳматга учраганини» ёзишган. Бундан ташқари, Галимбетованинг ўзи ҳам фейсбугида туҳматларга учраётганини айтган.
Унинг ўлимидан сўнг Боткен вилоят ИИБ «Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди, 28 март куни блоггер Батмакан Жолболдуевани ҳибсга олди.
Бунга Галимбетованинг 25 март куни Жолболдуева устидан « менинг обрўйимга шубҳа қилиб, ёмон сўзлар билан туҳмат қилмоқда» деган аризаси сабаб бўлган.
Шундан сўнг, Жолболдуевага нисбатан «Безорилик», «Ҳужжатларни қалбакилаштириш», «Шахсий дахлсизликни бузиш» моддалари бўйича ҳам жиноят ишлари қўзғатилгани маълум бўлди. Блогернинг адвокати Назгул Суюнбоева қўзғатилган ишларнинг асоссиз эканлигини айтиб, буни блогер фаолияти билан боғлаган.
Блогер 18 августда Боткен туман судининг қарори билан уй қамоғига чиқарилган.