Боткен: Халқдан йиғилган пулнинг 138,4 млн соми жабрланганларга компенсация қатори тарқатилди

286

Боткендаги қуролли тўқнашувдан сўнг халқ томонидан йиғилган 330,75 млн сомнинг 138,4 миллион соми жабрланганларга компенсация қатори тарқатилди. Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 30-октябрь куни ушбу вилоятда ўтказган йиғилишда маълум қилди.

Жапаров умумий Боткенга ажратилиши режалаштирилган 6-8 млрд сомдан 4,1 млрд  сомга яқини тегишли давлат идоралари ҳисоб рақамларига тушган. Шунингдек ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурини амалга ошириш учун 250 млн сом  йўналтирилганини ҳам таъкидлади.

Бундан ташқари, «Капитал ҳиссалар» моддасида назарда тутилган 3 млрд сомнинг 1 млрд соми уй-жой қурилишига, 300 млн соми йўл ва кўприкларни реконструкция қилишга йўналтирилишини қўшимча қилди.

Жапаров учрашувда қурилиш ишлари суст кетаётганини ҳам таъкидлади

«Кеча қурилиш ишлари қандай кетаётгани билан танишдим. Қурилиш ишлари секин кетмоқда. Бундай бўлмайди. Кейинги йиғилишда биз ушбу масала бўйича индивидуал жавобгарликни кўриб чиқамиз. Қайта тиклаш ишлари билан бир қаторда Боткен вилоятини 2021-2035-йилларда ривожлантириш дастурини амалга оширишни давом эттириш зарур», — деди у.

Шу муносабат билан Жапаров тегишли хизматларга қайта тиклаш ишларини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини босқинчилик ва ҳарбий ҳужумда айблади. Тожикистон томони эса «эскалация» да Қирғизистонни айблади.

Можарода Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлган – унинг ичида 48 нафари ҳарбийлар, 15 нафари маҳаллий аҳоли. 206 нафар одам турли жароҳатлар олди – уларнинг 145 нафари аскарлар, 60 нафари тинч аҳоли.

Қуролли тўқнашувда 140 минга яқин одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Низо оқибатида умумий 661 уй вайрон бўлган.

Қирғизистонга келтирилган моддий зарар миқдори 3 миллиард 130 миллион сом деб баҳоланди.

Президент Боткендаги уйларни совуқ тушгунга қадар битириб бериш вазифасини берган. Ҳозирда аҳолининг баъзилари уйларига қайтмади, қолганлари чодирларда ва контейнерларда яшамоқда.

Муаллиф: Акмарват Абдилла қизи