27 октябрь куни фаол Ондуруш Токтонасиров Бишкекдаги «Азаттык» радиоаси олдида ёлғиз пикет ўтказди. У Маданият вазирлигининг «Азаттык»қа тўсиқ қўйиш қарорига қарши эканлигини билдирди.
Фаол «“Азатык”қа озодлик!» ёзувли плакат кўтариб чиқиб, ҳукуматнинг радиони тўсиб қўйиш бўйича чиқарган қарорини «жиноят билан баробар» деб баҳолади.
«“Азаттык” нинг минглаб ўқувчилари бу қарорга қарши чиқиб, аччиқланишмоқда. Аслида бу сўз эркинлиги, демократияга қўл силташлик. Дунё ва Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий воқеаларни ҳар томонлама ёритувчи ягона обрўли таҳририятнинг сайтини ёпиш жиноят ҳисобланади. Нотўғри иш бўлмоқда. [Бу] амалдаги ҳукуматнинг нотўғри сиёсати натижасидир», —деди у.
Токтонасиров 13 октябрда «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus Media нашрларига қарши митинг ўтказган гуруҳни «ёлланма одамлар» деб ҳисоблайди.
«Тайёр сценарийга ўхшайди. Уларни юбориб, кейин Маданият ва ахборот вазирлиги орқали шундай қарорга келишлари бизни ғазаблантиради. Нотўғри. Ҳурматли “Азаттык” тингловчилари ва томошабинлари, қарши чиқинг. Биз ҳукуматга танқидий фикрларни билдирайлик, “Азаттык”қа осилмасин», — деб нашр ўқувчиларига мурожаат қилди у.
Фаол ҳукумат радионинг овозини босиш орқали умумий тингловчиларни радио тинглаш, ахборот олиш имкониятидан «маҳрум қилмоқда» деб қўшимча қилди.
26 октябрь куни Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги «Азаттык» сайтини икки ойга тўсиб қўйди.
Вазирлик маълумотларига кўра, бунга ушбу медиада 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашув ҳақида «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб бўлгани айтилмоқда.
«Азаттык» эса аввалроқ баёнот бериб, вазирлик уларга хат юборганини тасдиқлади. Радио президенти Жейми Флай «эркин оммавий ахборот воситаларининг таъқиб қилиниши қирғиз демократиясига соя солаётганини» таъкидлади.
«Озод Европа/Азаттык» радиоси воқеаларни мувозанатли ёритиш тамойилига жиддий ёндашади. Биз шубҳали материални қайта кўриб чиқдик, стандартларимиз бузилмаган деган хулосага келдик. Кремл ёки Қирғизистон ҳукумати бўладими мувозанатли материалларни сайтларимиздан олиб ташлаш талабига бўйсунмаймиз», — деган у.
Фаол Ондуруш Токтонасиров жамиятда алоҳида ажралиб турадиган, ёлғиз ўзи пикет уюштирувчи шахс сифатида танилган. У кўп йиллар давомида ижтимоий-сиёсий масалаларга ўзининг қаршилигини бошқача тарзда ифодалаб келади.
Бунгача у Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига, фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ҳибсга олиниши ва Украинадаги урушга қарши намойишларда иштирок этган.