Мамлакат ОАВни ҳимоя қилишнинг ўрнига босим қилмоқда — депутат Тазабек Икрамов

258

Жогорку Кенеш депутати Тазабек Икрамов ҳукумат вакилларининг ОАВ ва сўз эркинлигига бўлган босимини нотўғри деб ҳисоблайди. Бу ҳақда халқ вакили парламентнинг 27-октябрдаги йиғилишида маълум қилди.

У президент ва вазирлар маҳкамасининг парламентдаги вакили Алмазбек Абитовга мурожаат қилди.

«Конституциянинг 10-моддасида аниқ белгилаб қўйилган “Оммавий ахборот воситаларига давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан маълумот олиш, уларни тарқатиш ва ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқи кафолатланади деб. Қирғизистон Республикасида цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситалари эркин ва ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширади. Қирғизистон Республикасининг ахборот хавфсизлиги давлат томонидан ҳимояланган” деб ёзилган», — деди халқ вакили.

Депутат 23 октябрь куни ҳибсга олинган фаоллар фақатгина ўз фикрларини билдирганини таъкидлади.

«Атай, Эрлан исмли йигитлар, ўз фикрини айтишга ҳақли, деб Конституцияда ёзилган. Бугун мен ҳеч қандай ҳокимиятга хавф туғдирмайдиган  нарса билан икки ойга қамаш нотўғри, деган бўлардим», — деди у.

Бундан ташқари, Икрамов бугунги кунда кўплаб сайтлар ва журналистикага босимлар кузатилаётганини айтди.

«Конституцияга зид бўлмоқда. Шунингдек, “Озодлик” десак бўлади, [Азаттык] идораси олдига бориб, “ёқиб юбораман” деган шахслардан давлат ҳимоя қилиши керак. Бу нарса қилинмасдан, бугунги кунда сўз эркинлигини камситиш, Конституцияга зид ишларни қилиш жуда нотўғри. [...] Оммавий ҳибсга олинган, ўз фикрларини билдирган шахслар бўйича тўғри қарорга келасизлар деган фикрдаман», — дея якунлади Икрамов.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши

Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бераётгани учун ҳукуматни танқид қилган фаоллар ва сиёсатчилар 23 октябрь куни уйларида тинтув қилиниб, ҳибсга олинди. 25 октябрга кўра камида 22 киши ҳибсга олингани аниқ бўлди

Ҳақиқатчи институти раҳбари Атир Абдраҳматова тинтув давомида милиция ходимлари бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйганлигини, хусусан, қўлга олинганларга таҳдид қилиш, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олишган, сўроққа чақирув қоғозисиз чақиришганини қайд этишган.

Кейинроқ суд ҳибсга олинган 22 нафар шахсни Бишкекдаги ТИЗО-1га киритган.

Фаол Талант Эшалиевни эса суд соғлиғи туфайли уй қамоғига чиқарган. У судга юрак хуружи ҳолатида олиб келишганини, кейин эса аҳволи ёмонлашгани учун яна шифохонага олиб кетишгани айтилган.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмайдилар, улар таъқиблар бўлаётгани ҳақида билдиришмоқда.

26-октябрда Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги «Азаттык»нинг  сайтини икки ойга тўсиб қўйишга қарор қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, бунга ушбу медиада 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашув ҳақида «миллий манфаатларга зид бўлган нотўғри материал эълон қилингани» сабаб бўлгани айтилмоқда.

«Азаттык»нинг ўзида  Эркин Европа/Азаттык радиосининг президенти Жейми Флайнинг баёноти эълон қилинган. Унда Флай  «эркин оммавий ахборот воситаларининг таъқиб қилиниши қирғиз демократиясига соя солади» деб таъкидлаган.

Фейклар ҳақида шов-шувли қонун

«Ноаниқ (ёлғон) маълумотдан ҳимоя қилиш тўғрисида» шов-шувли қонунни президент Садир Жапаров 2021-йил 23-август куни  имзолади. Қонун интернетда ёлғон маълумотлар тарқатилган тақдирда суд қарорисиз фойдаланувчининг юзини фош қилиб, сайтлар фаолиятини таъқиқлайди.

Қонун имзоланишидан олдин ҳам ҳуқуқшунослар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти бунга қарши чиққан эди. Қонун лойиҳаси кескин танқид қилиниб, ҳуқуқшунослар у фуқароларнинг сўз эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқини «қўпол» бузаётганини ва интернетда давлат цензурасини ўрнатаётганини таъкидлади.