26 октябрда Бишкекда SuperTV телеканали мухбири Бактурсун Жоробеков 4 нафар номаълум фуқаро томонидан калтакланган. Таҳририятдан ҳужум унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилди.
Маълумотларга кўра, воқеа соат 23:30 атрофида содир бўлган. Журналистнинг сўзларига кўра, воқеадан бир кун олдин таҳририятнинг рақамига номаълум фуқаро қўнғироқ қилиб, уни қидирган. Бундан ташқари, қўнғироқлар бунгача ҳам бўлиб, унга таҳдидлар бўлган.
«Дорихонадан чиққанимда номаълум фуқаролар ёнимга келиб, юзимга уриб, тепкилай бошлашди. Улардан бири “Бу SuperTV нинг журналисти”, деб мени камерага олди. Қачон ҳушимни йўқотганимни билмайман, ўзимга келиб, уйга келганимда соат 4:30 бўлган эди», — деди Жоробеков.
Номаълум шахслар журналистнинг қўл телефони ва ҳамёнини олиб, ғойиб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ленин туман ИИБ томонидан «Тўнаш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тегишли экспертизалар тайинланганини билдиришди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Журналистларга ҳужум қилиш
Журналистларга ҳужум ва талон-тарожга авваллари ҳам бўлган. Шу йилнинг сентябрь ойида номаълум шахслар «Америка Овози» нашрининг мухбири ва «Клооп» таржимони Даврон Насибхоновни калтаклаб кетишган эди.
Шунга ўхшаш воқеага 2020-йил январ ойида «Фактчек» нашрининг ўша вақтдаги бош муҳаррири Болот Темиров ҳам учраган. Уни номаълум уч нафар шахс калтаклаган. Милиция ушбу иш бўйича «Тўнаш» моддаси бўйича жиноят содир этишда гумонланувчи сифатида тўрт нафар шахсни қўлга олган.
Аммо Темиров ҳеч қандай тўнаш содир бўлмаганини, калтаклаш вақтида телефони қўлидан тушиб, кейинроқ тополмай қолганини айтган. Журналист жиноятда гумонланувчилар «қимматбаҳо нарсалар қизиқтирмаган» деган.