Кампиробод можароси: Суд ҳибсга олинганларни деярли барчасини икки ойга ҳибсга олди

221

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 25 октябрга ўтар кечаси оммавий тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган сиёсатчилар ва фаолларга нисбатан ҳимоя чорасини кўриб чиқди.

Биринчи Май туман суди томонидан 20 декабрга қадар қамоққа олинганлар:

  • фаол Эрлан Бекчороев;
  • МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Журабаева;
  • журналист Айданбек Акматов;
  • сиёсатчи Равшан Жээнбеков;
  • экс-депутат Асия Сасикбаева;
  • фаол Айбек Бузурманкулов;
  • фаол Перизат Суранова;
  • фаол Чингиз Капаров;
  • фаол Чинарбек Шабдан уулу (Али Шабдан);
  • фаол Таалай Мадеминов;
  • МХДҚнинг собиқ раиси Кенешбек Дуйшобаев;
  • фаол Нурлан Асанбаев;
  • экс-депутат Кубаничбек Кадиров;
  • сиёсатчи Бектур Асанов;
  • ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сооронкулова;
  • сиёсатчи Жениш Молдокматов;
  • ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова.

Суд сиёсатчи Азимбек Бекназаровни 23 декабргача, фаол Улукбек Маматаевни 22 декабргача, ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартовани эса 21 декабргача ҳибсда қолдирди. Ҳибсга олинганларнинг барчаси Бишкекнинг СИЗО-1да қамоқда бўлади.

Фаол Талант Эшалиев ҳам Биринчи Май туман судида эҳтиёт чораси кўриб чиқилиши керак эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг айтишича, Эшалиев судга юрак хуружи бўлиш ҳолатида келтирилган.

Шундан сўнг фаолнинг аҳволи оғирлашгани учун яна шифохонага олиб кетилган. Эшалиев ҳам бошқа сиёсатчилар ва фаоллар каби оммавий тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинмоқда.

Фаол Капаров эҳтиёт чораси эълон қилинганидан кейин суд қароридан норозилигини билдирди.

«Бу ҳукуматдан яхшилик кутиш мумкин эмас. Бир пайтлар уларни қўллаб-қувватлаганман, энди бундан афсусдаман. Ер ва сув биздан кейинги авлодларга тегишли.Келажак авлод бизни кечирмайди. Биз адолат талаб қиламиз. Бу репрессия. Ҳеч қандай қонун бузилиши кузатилмади. Мен ўша йиғилишда оддий тингловчи сифатида қатнашганман, ҳеч қандай иштирокчи ёки ташкилотчи эмас эдим», — дейди фаол.

У шунингдек, халққа мурожаат қилиб, ҳибсга олинган фаолларни қўллаб-қувватлашни илтимос қилди.

«Агар ҳибсга олишса, мамлакатда эркинлик бўлмайди. Мамлакатимиз иккинчи Туркманистонга айланади. Қирғиз халқим бундай бўлишига йўл қўйманг. Бугун бизни синдиради, эртага сизларнинг фарзандларингизга ҳам етади. Ҳозирги ҳокимиятдагилар безорилар. Қонун билан  эмас, ўз тушунчалари билан яшамоқда», —  дея қўшимча қилди у.

Али Шабдан эса унга қўйилган айбловлар ноқонуний эканини айтди.

«Ҳамма нарса ноқонуний. [Айбловни] ўқисангиз, латифа. Беспредел», —  деди у.

Бу орада адвокат Замир Жошев ҳибсдаги фаоллар билан сиёсатчиларнинг судга борган адвокатларидан ҳеч бири жиноий иш қўзғатилган қарорни кўрмагани, у  судга ҳам тақдим этилмаганини айтди. Шу боис фаол Али Шабданнинг адвокати ишни қарорсиз кўраётган судни ўзгартиришни сўради.

«Кеча ҳаммага ҳибсга олиш ордерининг нусхаси берилди. Жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги қарорни эса кўрсатишмади ҳам», — деб ёзади Жошев.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши

Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бераётгани учун ҳукуматни танқид қилган фаоллар ва сиёсатчилар 23 октябрь куни уйларида тинтув қилиниб, ҳибсга олинди. 25 октябрга кўра камида 22 киши ҳибсга олингани аниқ бўлди

Ҳақиқатчи институти раҳбари Атир Абдраҳматова тинтув давомида милиция ходимлари бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйганлигини, хусусан, қўлга олинганларга таҳдид қилиш, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олишган, сўроққа чақирув қоғозисиз чақиришганини қайд этишган.

ИИВдан эса Жиноят кодексининг «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Маҳкама маълумотларига кўра, тергов давомида «айрим шахсларнинг оммавий тартибсизликлар уюштиришга, кейин эса ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларига алоқадорлиги тўғрисида далиллар олинди».

Тинтув ва ҳибсга олинишни парламент депутатлари Исхак Масалиев, Тазабек Икрамов, Дастан Бекешев ва Жанар Акаев ҳам танқид қилди.

Икрамов ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари демократиянинг асосий қадриятларига зид эканини таъкидласа, Масалиев эса фуқаролардан тартибсизликни тўхтатишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Эртага фикримизни билдирамиз десангиз, сизларга ҳам етиб келади», — деб ёзган у.

Бекешев фаоллар билан сиёсатчиларга қарши жиноят ишларини «бўлмаган нарса» деб атади ва Қирғизистон «авторитаризмга бориб қолган»ини қўшимча қилди. Акаев эса фаоллар билан сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблайди. У Конституцияга кўра, ҳар бир Қирғизистон фуқароси ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.

24-октябрь куни Бишкек ва Ўш шаҳарларида сиёсий таъқиблар ва Кампиробод сув омборини берилишига қарши митинглар бўлиб ўтди. Ўзган ва Жалолободда эса президент Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди.

Кейинроқ президент Садир Жапаров оммавий ҳибсга олишларга изоҳ бериб, Кампиробод масаласи бўйича аввалроқ сиёсатчилар ва фаоллар билан учрашганини, аммо натижа бўлмаганини айтди. Жапаров ҳибсга олинганлар Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди», улар сув омбори масаласини «ҳукуматнинг бирор жойига илиниб қолсам» деган фикрдан фойдаланишмоқда деб ҳисоблайди.

«Ҳибсга олинганларнинг аксарияти билан яккама-якка мулоқот қилганман. Ҳаммаси хизмат  сўрайди. Давлат хизмати чўзадиган резина эмасда. Ҳаммага етмас экан», —  дейди Жапаров.