Биринчи Май туман судида 25-октябрга ўтар кечаси ИИВ томонидан ҳибсга олинган сиёсатчилар ва фаолларнинг суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд тонг отгунча давом этиб, ҳибсга олинганларнинг деярли барчаси икки ойга қамоққа олинди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Динара Ошурахунова, Азиза Абдирасулова, Эркина Убишева, собиқ депутат Наталя Никитенко ва собиқ бош прокурор Аида Салянова тунги соат 3ларда қарорни кутиб суд биноси олдида турди.
«Клара ва Ритани кутмоқдамиз. Улар 10 соатдан кўпроқ вақт давомида судда», — деб ёзди сурат остига ҳуқуқ ҳимоячиси Эркина Убишева.
ИИВ 23 октябрь куни эрталаб, дам олиш куни, 20 дан ортиқ фаол ва сиёсатчиларнинг уйларини тинтувга олиб, уларни ҳибсга олган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан ва расмийларни танқид қилган.
Фаоллар ва сиёсатчиларга «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича айблов қўйилди.
24 октябрь куни уларнинг озод этилиши ва сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилиб Ўш ва Бишкек шаҳарларида фуқаролик фаоллари тинч намойишларига чиқишди. Айни вақтда Ўзган шаҳрида 300 га яқин киши митинг ташкил қилиб, уларнинг ҳибсга олинишини қўллаб-қувватлаб, «ҳукуматга ишонч»га чақиришди.