Қирғизистонда Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси тузилди. Бу ҳақда сиёсатчи Равшан Жээнбеков Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
Аввалроқ, 15-октябрда Ўш вилоятининг Ўзган туманида халқ қурултойи бўлиб ўтган ва унинг иштирокчилари Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан эди.
Кейин йиғилиш якунига кўра, Бишкекда сув омборини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат ва комиссия тузишга қарор қилинган.
Ушбу комиссия таркибига қуйидагилар кирди:
- Қирғизистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси Мамбетжунус Абилов;;
- парламентнинг собиқ депутати Асия Сасиқбаева;
- Жогорку Кенеш депутати Адахан Мадумаров;
- Конституциявий суднинг собиқ аъзоси Клара Сооронқулова;
- депутат Исхақ Масалиев;
- МСК собиқ аъзоси Гулнара Журабаева;
- махсус хизматнинг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаев;
- Ўшлик фаол Гулгақи Мамасалиева;
- Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров;
- парламентнинг собиқ депутати Эркингул Имонкожоева;
- сиёсатчи Равшан Жжэнбеков;
- собиқ депутат Ирғал Қадиралиева;
- муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Бектур Асанов;
- собиқ депутат Кубаничбек Қадиров;
- ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова;
- фаол Жениш Молдокматов;
- фуқаролик фаоли Перизат Суранова;
- собиқ депутат Қанат Исаев;
- Молия полициясининг собиқ раҳбари Сиймик Жапикеев;
- собиқ депутат Орозайим Нарматова ва бошқалар.
Сиёсатчилар ва фаолларнинг уйларидаги тинтувлар
23-октябрда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўмита аъзоларининг айримларининг уйларида тинтув ўтказа бошлагани маълум бўлди.
Масалан, милиция ходимлари сиёсатчи Равшан Жээнбеков, фаол Жениш Молдокматов, собиқ депутат Асия Сасиқбаева, президентликка собиқ номзод Клара Сооронқулова, Ўзган туман ер тузиш қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Ақил Айтбаев, МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Журабаева, фуқаролик фаоли Эрлан Бекчоро ўғлининг уйларида тинтув ўтказди.
Парламент депутати Исхақ Масалиев 24.kg нашрига бу тинтувларнинг ноқонуний эканини айтган.
Унинг айтишича, депутатлик дахлсизлигига эга бўлгани учун у тинтув қилинмаган.
«Аммо қўмита сув омборининг ўтказилишига қарши норозилик билдиришда давом этади. Расмийлар (Ўзбекистон билан шартномани) имзоламаслиги учун бизнинг позициямиз шундай», — деган Масалиев.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирлиги қарорининг сурати тарқалди.
Унда айтилишича, тергов хизмати Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 36-278-моддаси 1-қисми билан жиноят содир этишга тайёргарлик кўриш, яъни зўравонлик, талон-тарож қилиш, ўт қўйиш, шахсий мулкни вайрон қилиш, , ўқотар қурол, портловчи ёки портловчи моддаларни қўллаш ёки ҳокимият вакилига қуролли қаршилик кўрсатиш билан бирга оммавий тартибсизликлар уюштириш факти бўйича иш олиб бормоқда.
Кампиробод сув омбори бўйича баҳслар
Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 1170 км ёки 85% аниқланган.
Икки мамлакат ҳукумат делегациялари 26-сентябрь куни мамлакатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича янги келишув лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолади. Бироқ чегарани мувофиқлаштиришдаги муаммолардан бири Кампиробод сув омбори масаласи эди.
Чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясига ҳам раҳбарлик қилаётган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Кампиробод сув омбори остидаги ерлар Ўзбекистонга ўтади. Шу билан бирга, у ҳар икки давлат сув омборидаги сувдан тенг улушда фойдаланишига ишонтирди.
Бунинг эвазига, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг билдиришича, бир қанча чегарадош ҳудудлардаги жами 19 699 гектар бўлган баҳсли ерлар Қирғизистонга ўтказилади.
Бироқ Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишига маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар қарши бўлмоқда.
Сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида 15 октябрь куни халқ қурултойи бўлиб ўтди, унда юзлаб одамлар иштирок этди.
Қурултой иштирокчилари авваллари сув омбори баҳсли ҳудуд бўлмагани ва у нима учун Ўзбекистонга кетаётганини умуман тушунмаётганини айтишган. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдаларини бажармайди, сув омбори ёнидаги сув ва ердан фойдалана олмайди, деб хавотирда.