Бишкек: Қирғизистонликлар Кампирободнинг берилишига қарши митинга чиқишди

313

22-окятбрда Бишкек шаҳридаги Горький номидаги боғда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга  берилишига қарши тинч митинг ўтказилди.

Акцияга 20 нафарга яқин қирғизистонлик йиғилган.

Митинг иштирокчиларидан бири, Ўзган туман ер тузиш қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Ақил Айтбаевнинг «Клооп»нинг журналистига айтишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев 2021 йилнинг баҳорида маҳаллий аҳоли билан учрашувда Кампиробод  Ўзбекистонга ўтишини маълум қилган. Аммо кейин, деди Айтбаев, Қирғизистон халқи бу маълумотларга эътибор бермади.

«Кейин ўзбек тилида чиққан реклама халқни уйғотган. Унда: «бизнинг Кампиробод деган денгизимиз бор. Ўша ерга яқинда келиб сизларга дам олиш имкониятини тузиб берамиз", деб ўзбек тилида айтиб, бизнинг тоғларни, сувларни кўргазганда бизнинг қишлоқдагилар кўриб олиб, кейин тушунишди», — деди Айтбаев

Айтбаев ушбу рекламадан сўнг маҳаллий аҳоли сув омборини ўтказишга қарши чиқа бошлаган. Ташиев улар билан бўлиб ўтган учрашувда халқнинг орзуси амалга ошишини айтган. Бироқ кейинги йили Кампирободнинг трансфери масаласи яна кўтарилди.

Кампиробод сув омбори бўйича баҳслар

Қирғиз-Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 1170 км ёки 85% аниқланган.

Икки мамлакат ҳукумат делегациялари 26-сентябрь куни мамлакатлар ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари бўйича янги келишув лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини берувчи протоколни имзолади. Бироқ чегарани мувофиқлаштиришдаги муаммолардан бири Кампиробод сув омбори масаласи эди.

Чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясига ҳам раҳбарлик қилаётган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, Кампиробод сув омбори остидаги ерлар Ўзбекистонга ўтади. Шу билан бирга, у ҳар икки давлат сув омборидаги сувдан тенг улушда фойдаланишига ишонтирди.

Бунинг эвазига, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг билдиришича, бир қанча чегарадош ҳудудлардаги жами 19 699 гектар бўлган баҳсли ерлар Қирғизистонга ўтказилади.

Бироқ Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишига маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар қарши бўлмоқда.

Сув омбори жойлашган Ўш вилоятининг Ўзган туманида 15 октябрь куни халқ қурултойи бўлиб ўтди, унда юзлаб одамлар иштирок этди.

Қурултой иштирокчилари авваллари сув омбори баҳсли ҳудуд бўлмагани ва у нима учун Ўзбекистонга кетаётганини умуман тушунмаётганини айтишган. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон берган ваъдаларини бажармайди, сув омбори ёнидаги сув ва ердан фойдалана олмайди, деб хавотирда.