Чингиз Айдарбеков Қирғизистон элчиси дипломатик мартабадан маҳрум қилинди

294

Президент Садир Жапаров Фармонга кўра, Чингиз Айдарбеков Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси дипломатик даражасидан маҳрум этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари админстрациясининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, бундай қарор Айдарбеков  чет давлатлардаги бир қатор элчихоналарда ишлаб юрганда «дипломат деган олий мақомни дискредитациялаган вазиятлар» ошкор бўлгани сабаб қабул қилинган.

Бироқ президентнинг матбуот хизмати тарқатган маълумотда қандай вазиятлар экани айтилмаган.

Айдарбеков ва қўмита қарори

10-октябрда парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси ёпиқ йиғилишда «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома» лойиҳасини маъқуллади. Мамлакатлар ўртасидаги келишувнинг асосий бандларидан бири Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга бериш масаласи бўлган.

Қўмита раҳбари Айдарбеков келишувни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолашдан бош тортган.

«Халқ депутатларининг овозлари иккига бўлинган - олти нафари ёқлаб, тўрт нафари қарши. Мен бу борада ўз фикримни билдирдим. Депутатлар ҳужжатларни кўришмади. Мен қоғозларни кўрмагунимча рози бўлолмаслигимни айтдим. Шунинг учун мен қарши овоз бердим», - дея изоҳ берди Айдарбеков мазкур воқеага.

Унинг парламент қўмитаси раиси сифатидаги ўринбосарлари, депутатлар Чолпон Султонбекова ва Лейла Лурова ҳам қўмита қарорини имзолашдан бош тортган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Эдил Байсалов Айдарбековнинг қарорига муносабат билдириб, депутатни танқид қилган.

«Чингиз Айдарбеков ўзи истаганича қарши овоз бериши мумкин, лекин кўпчилик аъзолар овоз берган қўмита қарорини имзолаши шарт. Унинг бемаъни популизми ва масъулиятсиз позицияси, ҳеч бўлмаганда, унинг қобилиятсизлигидан далолат беради. Аммо, катта эҳтимол билан, яширин сабаблар бор ", - деб ёзди Байсалов ўзининг Твиттер саҳифасида.

Жогорку Кенеш депутатлари 20-октябрь куни Чингиз Айдарбековни Жогорку Кенеш тегишли қўмитаси раҳбари лавозимидан четлатишди.

Депутатнинг ўзи Қирғизистон ҳукумати қўшни Ўзбекистонга яширинча беришга тайёрланаётган Кампиробод сув омбори остидаги ер ҳужжатларга кўра баҳсли ҳудуд эмаслигини айтган.