Бишкек шаҳар кенгаши депутати Кадир Атамбаев пойтахт кўчаларининг бирини чегарадаги можарода қаҳрамонларча ҳалок бўлган Эламан Ураимов номини қўя олмагани учун шаҳар кенгаши раиси Куваничбек Конгантиевни танқид қилди.
Унинг айтишича, шаҳар кенгаши Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни «Фахрий фуқаро» унвонидан ажратиш масаласини ҳалигача ҳал қила олмаяпти.
«Мен депутат сифатида бу ишлар Бишкек шаҳар кенгашининг қўлидан келади деб ҳисоблайман [...] Менда спикерга савол пайдо бўлмоқда. Сиз ҳам бирор нарса қила оласизми? Балки ўз ўрнингизни бўшатиб, қўлидан келадиганларга бермайсизми?» —деди депутат.
Шу билан бирга, Кадир Атамбаев шаҳар кенгашининг спикери «11-кичик тумандаги гаражларни жилдирганларни, қурилиш ва ердан фойдаланиш қоидаларини тез ва қонунга хилоф равишда қабул қилганларни, бош прокурор ўринбосари иштирокида элита қурилиш компанияларига сув таъминоти учун кредит тўловларини камайтирганларни кўрмай келаётганини» таъкидлади.
Атамбаевнинг сўзларига кўра, Конгантиевдан изоҳ олишнинг имкони бўлмаган. Бишкек шаҳар кенгаши матбуот хизмати раис «соғлиғи туфайли таътилга чиққанини» маълум қилган.
Аввалроқ, Бишкек мэрияси Тожикистон элчихонаси жойлашган Қорадарё кўчасини ҳалок бўлган аскар Эламан Ураимов номига ўзгартиришдан бош тортган эди. Бу қарор, низомга кўра, шахснинг ўлимидан фақат беш йил ўтгач, уларнинг номи кўчага берилиши мумкинлиги билан изоҳланди.
Шунингдек, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни «Бишкекнинг фахрий фуқароси» унвонидан маҳрум қилиш таклиф қилинган. Бироқ бу борада шаҳар кенгаши қандай қарор қабул қилгани ҳақида хабар берилмаган.
Куваничбек Конгантиев ким?
Куваничбек Конгантиев — собиқ бош прокурор Камбарали Конгантиевнинг ўғли, ИИВнинг собиқ бошлиғи Молдомуса Конгантиевнинг укаси. У Бишкек шаҳар кенгашининг 26 ва 27-чақирилишида «Қирғизистон» ва «Республика» партияларидан депутат бўлган.
Депутат Конгантиев дзюдо бўйича Марказий – Осиё минтақасининг директори ва Миллий дзюдо федерацияси вице-президенти.