8-октябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида буюк адиб Чингиз Айтматов номидаги истироҳат боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Боғ Чанкая муниципал туманида (Анқара маданият ва молия маркази — таҳр.) очилди. ТИВ хабарига кўра, истироҳат боғида адиб бюсти ҳам ўрнатилиб, унга Айтматовнинг қуйидаги сўзлари битилган: «Инсон учун энг қийини – кун сайин одам бўлишдир».
Очилиш маросимида Чанкая тумани раҳбари Алпер Ташделен иштирок этиб, ёзувчи унинг «асарлари билан вояга етган бир қатор Туркия фуқароларининг бутун бир авлоди учун аҳамияти»ни қайд этди.
Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Кубаничбек Омуралиев очилиш тадбирида Анқарада Айтматов шарафига боғнинг очилиши «нафақат ёзувчи ва унинг хотирасига бўлган чуқур ҳурматнинг ёрқин тасдиғи, балки Қирғиз ва Турк халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларининг рамзи эканлигини» таъкидлади.
Чингиз Айтматов— қирғиз ва совет ёзувчиси, у адабиёт классикаси. ЮНEСКО маълумотларига кўра, Айтматов замонавий ёзувчилар орасида асарлари энг кўп ўқиладиган ёзувчидир. Унинг асарлари 176 дан ортиқ тилга таржима қилинган, 128 мамлакатда 100 миллион нусхада нашр этилган.
Айтматов 1994 йилдан 2008 йилгача Айтматов Қирғизистоннинг Бенилюкс (Белгия, Нидерландия ва Люксембург) мамлакатларидаги элчиси бўлган.
Айтматов 2008 йил 10 июнда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида вафот этди. У 14 июнь куни Бишкек яқинидаги «Ата-Бейит» ёдгорлик мажмуасига дафн этилган.