Боткен: Қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганлар сони 63 нафарга, яраланганлар сони эса 206 нафарга етди.

255

Боткенда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг сони 5-октябрь ҳолатига кўра 63 нафарга етди. Жароҳатланганлар сони эса 206 нафарни ташкил қилди. Бу ҳақда «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигидан билдиришди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма 14-сентябрда бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашиб кетган. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини босқинчилик ва ҳарбий ҳужумда айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айбламоқда.

ФВВнинг 5-октябрдаги маълумоти бўйича қуролли тўқнашувдан 639 та турар-жой шикастланиб, 422 таси яшаш учун яроқсиз бўлгани аниқланган. Бундан ташқари, 11 та маъмурий-стратегик объект, 27 та ижтимоий объект, 335 та молхона, 197 та таъминот объекти, 61 та автомашина зарар кўриб, битта автотранспорт ўтувчи кўприк яроқсиз бўлиб қолган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.

Президент Садир Жапаров Боткендаги уйларни янги йилга қадар битириб беришга  «ҳаракат қиламиз» деб ваъда берган.