Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни орден билан тақдирлади

209

Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражадаги ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Россия ҳуқуқий ахбороти расмий порталида маълум қилинди.

Тегишли фармонда Раҳмон ушбу орден билан Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун мукофотлангани ёзилган.

Бундан ташқари, Кремл унинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

Эмомали Раҳмон Тожикистонни 1994 йилдан бери бошқариб келади. 2003-йилда Тожикистон Конституциясига президент ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга кўпайтирилган ўзгартиришлар қабул қилинган.

2016-йилда Тожикистон Конституциявий суди Эмомали Раҳмонга президентликка умрбод номзодини қўйишга рухсат берган эди.

Владимир Путин Қирғизистон президентларига ҳам ўз вақтида орден берган. 2016-йилда Владимир Путиннинг Бишкекка ташрифи чоғида ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Александр Невский ордени билан тақдирланган эди.