4 октябрда Ўш вилоятининг Ўзган тумани ҳокимиятига Кампир-Обод масаласига боғлиқ маҳаллий аҳоли тўпланди. Унга президент Садир Жапаровнинг келиши кутилмоқда.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, бугун сув омбори масаласи бўйича халқ билан маслаҳат йиғини бўлиб ўтади. Унга президентдан ташқари Жогорку Кенеш депутати Адахан Мадумаров ҳам иштирок этиши айтилган.
29 сентябрда ҳам маҳаллий аҳоли Кампир –Обод масаласида йиғилишган. Улар «сув омборининг ери Ўзбекистонга ўтиб кетиши мумкин» деб хавотир олиб, икки томонлама сўнги шартномаларни ошкор қилишни талаб қилишган.
Жогорку Кенешнинг 28 сентябрдаги йиғилишида Мадумаров сув омборига боғлиқ масалани кўтарган. Унда у халқ орасида Кампир-Ободга боғлиқ турли саволлар пайдо бўлаётганига тўхталган.
26 сентябрда мамлакатга Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов келган. Унда қирғиз-ўзбек давлат чегарасини делимитация ва демаркация масалалари бўйича ҳукуматлараро йиғилиш ўтган.
Ўзганликлар бундан бир ой аввал ҳам Кампир-Обод масаласида йиғилишган. Унда улар сув омбори бўйича юқорида нима гап бўлаётганини, Жогорку Кенешга ёзган хатининг жавобини билишга қизиқишган. Шунингдек Чолпон-Атада президентларнинг йиғилишида икки томонлама имзоланди деган сўз тарқаганини айтиб, уни ҳам ошкор қилишларини талаб қилган.
Аммо Қирғизистон ҳукумати маҳаллий аҳоли саволларига расмий жавоб бермади.
Кампир-Обод можароси, халқнинг норозилиги
Ўтган йилнинг март ойида МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида чегарани аниқлаштириш бўйича музокаралар олиб борди.
Қайтгандан кейин Ташиев Ўзган туманида маҳаллий аҳоли билан учрашди. Унда у Ўзбекистон Кампир-Обод сув омбори атрофидан 100 гектар ер сўраган, аммо Қирғизистон эса 50 гектар беришга рози бўлганини билдирган.
Бундан ташқари, Кампир-Обод сув омбори плотинаси Ўзбекистонга ўтказилишини таъкидлади. У бу қарорни «тўғри» деб, сув сатҳи пасайгач, маҳаллий аҳоли турар жойларини «сув босмаслигини» айтди.
Аммо Қорасувнинг Интимак қишлоғи аҳолиси ернинг стратегик аҳамиятга эга эканлигини айтиб, уни беришга қарши бўлган, Кампир-Обод яқинида бўз уй қуриб, Камчибек Ташиевнинг келишини талаб қилишган.
19 апрель куни Ташиев аҳоли билан учрашиб, «энг фойдали шартномани тузган» ини айтган. Шунингдек, протокол қабул қилинса, «чегарада ҳеч қандай можаро бўлмайди», деб ишонтирган.
Махсус хизмат раҳбари норозилик акциясини уюштирганларни «провокаторлар» деб атаган ва ҳатто уларнинг исмларини билишини айтиб таҳдид қилган.
МХДҚ раиси йиғилишда аҳолининг норозилиги туфайли Ўзбекистонга бориб, протоколни қайта кўриб чиқиш, 50 гектар эмас, 20 гектар ерни алмашишга ҳаракат қилишга ваъда берган.
25 апрель куни эса Камчибек Ташиев Ўзган туманида Ўш аҳолиси билан учрашган. Йиғилишда турли ҳудудлардан юзлаб одамлар иштирок этиб, сув омбори тўғони ва унинг атрофидаги ерларни Ўзбекистонга бермасликни талаб қилишди.
Эътирозларга дуч келган Ташиев «Кампир-Ободни бермаймиз» деб ишонтирди.