Жогорку Кенеш Боткендаги можаро юзасидан халқаро ташкилотларга мурожаат йўллайди

259

Жогорку Кенеш Боткендаги қирғиз-тожик чегарасидаги можаро юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгаши, ЕХҲТ, КХШТ ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат йўллайди. Бу ҳақда «Азаттык» нашри ёзди.

Халқ вакили Чингиз Айдарбековга кўра, мурожаат матни Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан тайёрланган.

«[Мурожаатда] Боткенда содир бўлган воқеаларга сиёсий баҳо берилди. Воқеа Тожикистон томонидан Қирғизистонга нисбатан тажовузкорлик ҳаракати эканлиги қайд этилди. Оғир ҳарбий ва артиллерия техникаси қўлланилгани, шунингдек, барча ҳарбий амалиётлар Қирғизистон ҳудудида олиб борилгани [кўрсатилди]. Бу яқин муносабатларга мос келмайди. Биз [халқаро ташкилотлар чегарадаги можарога] ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорларни жавобгарликка тортилиши учун мурожаат қиламиз», — деди у 24.kg нашрига.

Чегарага яқин Қапчиғай қишлоғида вайронага айланган уй. Боткенда жами 618 та уй вайрон бўлган ёки шикастланган. Сурат: Бекболсун Кайипов / Kloop..

Айдарбеков  мурожаат БМТ Хавфсизлик кенгаши, ЕХҲТ, КХШТ ва бошқа халқаро ташкилотларга юборилишини билдирди.  У парламент бутун дунё ҳамжамиятига мурожаат қилганини таъкидлади.

Чегарадаги қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз  қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.