Ўзган: Кампир-Обод  масаласи билан боғлиқ 100 га яқин одам митингга чиқди

320
Сурат: Azattyk

Ўш вилоятининг Ўзган туманида 100 га яқин киши Кампир-Обод масаласи билан боғлиқ митингда чиқди. Бу ҳақда «Азаттык» воқеа жойида юрган  мухбирига асосланиб ёзди.

Маълумотларга кўра, аҳоли «сув омбори ерлари Ўзбекистонга ўтиши мумкинлигидан» хавотирланиб, икки томонлама сўнгги келишувларни ошкор қилишни талаб қилишган.

Жогорку Кенешнинг 28-сентябрдаги йиғилишида Мадумаров сув омбори масаласини кўтарди. Халқ орасида Кампир-Обод ҳақида турли саволлар пайдо бўлаётганига тўхталган эди.

26 сентябрь куни мамлакатга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ташриф буюрди. У ерда Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларига бағишланган ҳукуматлараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзганликлар бундан бир ой олдин Кампир-Обод масаласида йиғилган эди. Улар сув омбори юзасидан юқорида нималар муҳокама қилинаётгани, Жогорку Кенешга ёзилган хатга жавобини билишга  қизиқишди. Шунингдек, Чўлпон-Отадаги президентларнинг учрашувида икки томон имзолагани ҳақида хабар тарқалгани, буни шаффофроқ қилишни талаб қилишганини айтишди.

Бироқ қирғиз расмийлари маҳаллий аҳоли саволларига ҳозирча расмий жавоб бергани йўқ.

Кампир-Обод можароси, халқнинг норозилиги

Ўтган йилнинг март ойида МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Ўзбекистоннинг  Тошкент шаҳрида чегарани аниқлаштириш бўйича музокаралар олиб борди.

Қайтгандан кейин Ташиев Ўзган туманида маҳаллий аҳоли билан учрашди. Унда у Ўзбекистон Кампир-Обод сув омбори атрофидан 100 гектар ер сўраган, аммо Қирғизистон эса 50 гектар беришга рози бўлганини билдирган.

Бундан ташқари,  Кампир-Обод сув омбори плотинаси  Ўзбекистонга ўтказилишини таъкидлади. У бу қарорни  «тўғри» деб, сув сатҳи пасайгач, маҳаллий аҳоли турар жойларини «сув босмаслигини» айтди.

Аммо Қорасувнинг Интимак қишлоғи аҳолиси ернинг стратегик аҳамиятга эга эканлигини айтиб, уни беришга қарши бўлган, Кампир-Обод яқинида бўз уй қуриб, Камчибек Ташиевнинг келишини талаб қилишган.

19-апрел куни Ташиев аҳоли билан учрашиб, «энг фойдали шартномани тузган» ини айтган. Шунингдек,  протокол қабул қилинса, «чегарада ҳеч қандай можаро бўлмайди», деб ишонтирган.

Махсус хизмат раҳбари норозилик акциясини уюштирганларни «провокаторлар»  деб атаган ва ҳатто уларнинг исмларини билишини айтиб таҳдид қилган.

МХДҚ раиси йиғилишда аҳолининг норозилиги туфайли Ўзбекистонга бориб, протоколни қайта кўриб чиқишг, 50 гектар эмас, 20 гектар ерни алмашишга ҳаракат қилишга ваъда берган.

25 апрель куни эса Камчибек Ташиев Ўзган туманида Ўш  аҳолиси билан учрашган. Йиғилишда турли ҳудудлардан юзлаб одамлар иштирок этиб, сув омбори тўғони ва унинг атрофидаги ерларни Ўзбекистонга бермасликни талаб қилишди.

Эътирозларга дуч келган Ташиев «Кампир-Ободни бермаймиз»  деб ишонтирди.