19 сентябрь куни президент Садир Жапаров Боткендаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаро юзасидан халққа мурожаат қилди. У интернетда провокацион сўзлар тарқалаётганини таъкидлаб, аҳолини уларга ишонмасликка чақирди.
Жапаров аҳолини «юзи қора провокаторлар сўзига ишониб, стратегик ҳамкорларимиз, дўст давлатлар, бизга ҳамдард бўлган одамларга туҳмат қилмаслик» ҳақида огоҳлантирди.
«Бундай можаронинг охирига ишора қилиб, халқ онгини нотўғри кўрсатиш учун айтилаётган миш-мишлар ўзига хос мақсадда – меҳмондўст халқимизнинг ҳамкорлик қилаётган, алоқада бўлган давлатлар билан муносабатларини совуқлаштириш, уларнинг орасига олов ёқишга йўналтирилганини унутмаслигимиз керак!» — деди у.
Шунингдек президент чегарадаги вазият бўйича «фақат расмий органлар берган маълумотларга ишонинглар» деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айни дамда «чегара хавфсизлиги, ахборот хавфсизлиги – ҳаммаси қаттиқ назорат остида».
Шу билан бирга, Жапаров кенг жамоатчиликни «бирдамлик билан давлат ҳукумати, ҳарбий кучларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни» сўради.
«Яна бир нарсани айтиб ўтиш жоиз, Боткенга бормоқчи бўлган йигит-қизлар сабр қилинглар. Давлатнинг ҳарбий салоҳиятини аввалгидек кўрманг. Худога шукур, армиямиздаги вазият бугун бошқача. Чегараларимизни бузмоқчи бўлганларга тўлиқ жавоб бериш учун яроқли бўлган эр-азаматларимиз, куч-қувватимиз етарли», — деди у.
Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, уларнинг оилалари, фарзандларининг «келажагини давлат ўз зиммамизга оламиз» деб ваъда берди.
Қуролли тўқнашувларнинг оқибатлари
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14 сентябрь куни бошланган қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган Қирғизистон фуқаролари сони 59 нафарга етди. Жароҳатланганлар сони 19 сентябрь ҳолатига кўра 163 нафарни ташкил қилган.
Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани «тажовуз» ва Тожикистон тарафдан «ҳужум» деб атади. Тожикистон томони эса, ўз навбатида, Қирғизистонни «можароларни авж олдиришда ва қуролли тажовузда» айблайди.
ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг хавфли ҳудудларидан 136 мингдан ортиқ одам, Ўш вилоятидан эса 5301 киши эвакуация қилинган.
Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди.