Қирғизистонда 19-сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди

314

Қирғизистонда 19-сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди. Бу ҳақдаги фармонга президент Садир Жапаров қўл қўйди.

2022-йилнинг 14-17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашув оқибатида камида 36 қирғизистонлик ҳалок бўлган.

Миллий мотам куни Қирғизистон байроқлари бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек, хориждаги дипломатик ва консуллик идоралари биноларида қисман туширилади.

Президент маъмуриятининг қўшимча қилишича, Садир Жапаров маданият муассасалари ҳамда телерадиокомпанияларга 19-сентябрь куни кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилишни тавсия қилган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув 14-сентябрь куни бошланган, 16-сентябрь куни эса жиддий авж олган. Қирғиз ҳукумати содир бўлаётган воқеаларни тажовуз ва Тожикистоннинг ҳарбий босқинчилиги деб атамоқда. Тожикистон томони Қирғизистонни можарони кучайтираётганликда айбламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, қирғизистонликларнинг 46 нафари ҳалок бўлган, 140 нафари яраланган, аммо ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақидаги маълумотлар ўзгариб турибди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг айтишича, қирғиз томондан тўқнашувлар натижасида қурбонлар «кўп». Унинг сўзларига кўра, уларнинг аксарияти ҳарбийлардир.

Тожикистон томони жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермаган.

Қирғизистон Чегара хизмати 18-сентябрь куни чегара ҳудудида – Ўш вилоятининг Чўн-Олай тумани ва Боткен вилоятида вазият барқарорлашгани ҳақида хабар берди.

Муаллиф: Медина Купсулдаева