Қирғизистонлик спортчи Орозали Максудов Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтган кунг-фу бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг кунг-фу федерацияси билдирди.
Маълумотга кўра, мусобақага Максудов 80 килограмм вазн тоифасида иштирок этди. У «Кунг-фу Фул» (Sanda) ва «Кунг-фу Лайт» (Light Contact) дисциплинаси бўйича беллашди.
Максудов «Кунг-фу Фул» бўйича 1-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони бўлди. Шунингдек «Кунг-фу Лайт» (Light Contact) дисциплинасида 3-ўринни эгаллади.
Кунг-Фу бўйича жаҳон кубоги Туркияда 6-сентябрдан 9-сентябргача бўлиб ўтди. Мусобақа халқаро кунг-фу федерацияси томонидан ташкил этилиб, 13 давлат спортчилари қатнашди.
Кунг-фу (Ушу) — хитойликларнинг жанг санъатини бир тури, у дунёдаги энг қадимий жанг санъатидан бири сифатида машҳур. Унда нафақат тананинг ўсиши, руҳий тарбияга ҳам эътибор қаратилиши айтилади. Кунг-фу 1960-йиллари Брюс Ли суратга тушган Голливуд фильмлари намойиш этилганидан сўнг бутун дунёга танилган.