Таласда суд ўз хотинини ўлдиришда айбланган йўл-патруль хизматининг собиқ инспекторини 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Клооп»нинг журналистига Талас шаҳар судининг матбуот хизмати хабар берди.
29 ёшли аёлнинг ўлими ҳақида 2021-йилнинг 29-декабрида маълум бўлган. Марҳумнинг жасади ўз уйида топилиб, танасида кўк доғлар борлиши аниқланган.
Мазкур ҳолат Талас тумани ИИБ электрон журналида қайд этилиб, «Эҳтиётсизлик оқибатида баданга оғир шикаст етказиш натижада одам ўлимига сабаб бўлиш» моддаси бўйича судгача иш бошланган.
3-январда эса одам ўлдиришда гумонланиб марҳумнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармасида ишлаган 33 ёшли турмуш ўртоғи қўлга олинган.
Блоггер Эртай Искақов 2022-йилнинг август ойида марҳумнинг калтаклангани акс этган видеони Instagram саҳифасида эълон қилган эди. Унинг хабар беришича, жазо муддати 8 ойга кечиктирилган.
Бу иш бўйича ҳалигача суд қарори чиқмаганидан жабрланувчининг яқинлари ҳам норози бўлишган.
«Мана саккиз ой бўлди. Прокуроргача ҳаммага мурожаат қилдик. Материаллар, видеолар бор, нега уни қамоққа олишмаяпти? Ахир ҳамма далиллар бор», - дейди улар.
Глобал Аёллар Тинчлик ва хавфсизлик индексига ((WPS Index)) кўра, Қирғизистон Марказий Осиёдаги аёллар учун энг хавфли давлат бўлиб ҳисобланади.
Дунёдаги аёллар учун энг хавфли давлатлар қаторига эса Афғонистон, Сурия, Яман, Покистон ва Ироқ киради.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, қарийб ўн йил давомида аёлларнинг ўлимига оид «Қотиллик» моддаси бўйича 762 та жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу қотилликларнинг катта қисми эркаклар томонидан содир этилган - ўртача ўнтадан саккизтаси. Кўпинча Қирғизистонда аёллар эрлари ва яқин шериклари томонидан ўлдирилади. Аёлларнинг ўлими бевосита оиладаги зўравонликнинг натижасидир.
Фемицид - бу одатда эркак томонидан аёлга нафрат, гендер камситиш ва/ёки давлат кўз юмиб қўйган жинсий зўравонлик натижасида содир этилган аёлни ўлдириш.