25-августда Бишкекдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси ёнида собиқ вазир Алимқадир Бейшеналиевнинг тарафдорлари митинг ўтказди. Улар Бейшеналиевни қайтадан вазирлик лавозимига тайинлашни талаб қилишмоқда.
Акция иштирокчилари «Бейшеналиевни қўллаб-қувватлаймиз», «Алимқадир ағай Соғлиқни сақлаш вазирлигига муносиб», «Бейшеналиев ўз лавозимига қайтиши керак» каби плакатларни кўтариб туришди.
Намойишчилар «Бейшеналиевни ноқонуний ҳибсга олгани учун бош прокурор Қурманқул Зулушев жавобга тортилсин» деб таъкидлашди.
«Бейшеналиев келганида жуда катта ислоҳот кетаётган эди. Унинг ўрнига Қасимбеков [Жаркинбек] дегани келиб, Бейшеналиев ёпиб қўйган муассасаларни қайта очди. Буни қандай тушунишимиз мумкин? Соғлиқни сақлаш соҳасида «ислоҳот ўтказамиз» деб қўйиб, лекин ҳеч нарса ўзгармади. Бу соҳага Алимқадир Бейшеналиевнинг келиши жуда муҳим [...] «Бу одамни таъқиб қилишяпти, ҳибсга олишяпти ва ишга олиб келмаяпти», - деди намойишчилардан бири.
Шу билан бирга Бейшеналиевнинг тарафдорлари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, халқнинг талабига қулоқ тутмаётганинини айтиб, нолиган.
«Сизлар халқ талабларини бажармаяпсизлар. Алимқадир Бейшеналиев судда оқланганидан сўнг (Бейшеналиевга нисбатан жиноят иши Ички ишлар вазирлиги томонидан тўхтатилган – таҳр.) ишга қайтиши керак эди. Биз шуни хоҳлаймиз», деди намойиш иштирокчиларидан бири.
Бейшеналиевнинг хизматдан олиниши
Алимқадир Бейшеналиев 2-июнда «коррупция» гумони билан қўлга олинган. Бош прокуратура амалдорга нисбатан етти жиноят иши қўзғаган.
Назорат органининг маълумотига кўра, бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича, иккиси «Пора олиш», тўрттаси «Лавозимини суиистеъмол қилиш» ҳамда «Билиб туриб манфаатсиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.
Бейшеналиев коррупцияга ва COVID-19га қарши курашиш учун вакцина сотиб олишда давлат бюджетига 1,5 млрд сом зарар етказишда гумонланган.
Кейинчалик Садир Жапаров Бейшеналиевни соғлиқни сақлаш вазири хизматидан вақтинча четлатиб, Жаркинбек Касимбековни вазирнинг вазифасини вақтинча бажарувчи қилиб тайинлаган.
Қўлга олингандан кейин Бейшеналиев МХДҚнинг ТИЗОсига киргизилган. Аммо 16-июнда суд амалдорни уй қамоғига чиқарган. 16-августда унга қўзғалган жиноят ишлари тўхтатилган. 19-августда эса президент Бейшеналиевни соғлиқни сақлаш вазири хизматидан бўшатган.
Кўп ўтмай 21-августда Бейшеналиев Чолпон-Ата шаҳридаги «Алтин балалик» соғлиқни тиклаш марказининг директори бўлиб тайинлангани айтилган. Тегишли буйруққа соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Жаркинбек Касимбеков қўл қўйган.
23-августда эса соғлиқни сақлаш вазирининг вазифасни бажарувчи бўлиб Гулнара Баатирова тайинланган. Унинг соғлиқни сақлаш вазири хизматига номзодини келишиш учун Жогорку Кенешга киргизиладиган бўлган.