Милициянинг патрул хизмати номаълум ҳомийлардан беш хизмат машинасини олди

267

Милициянинг патруль хизмат бошқармаси «Тойота Приус» русумидаги беш хизмат машинасини олди. Маълумотни «Клооп»га матбуот котиби Байкази Айтикул ўғли тасдиқлади.

Матбуот котиби машиналарни олиб берган ҳомийлар ўзларини ошкор қилмасликни исташганини таъкидлади.

Аввал номаълум ҳомийлар Ички ишлар вазирлигининг биносини ҳам таъмирлаб беришган. Таъмирлаш ишлари 2021-йилнинг апрелида бошланиб, августда тугаган. Ўшанда вазирликдан ишлар айрим ҳомийлар ҳисобидан олиб борилганини билдириб ва уларнинг исмларини айтишдан бош тортишган.

«Ҳозирда вазирликни ва ҳудудий бўлимларни таъмирлаш ишлари давом этмоқда, улар тугагандан кейин қабул олиш-ўтказиш акти тузилиб, унда ҳомийлардан келган ёрдам ҳақида маълумот кўрсатилади. Шу сабабдан, сизлар сўраган маълумот бўйича кейин қўшимча маълумот берамиз», — деб айтилган вазирликнинг жавобида.

ИИВнинг жавобига парламентнинг собиқ депутати Наталья Никитенко ҳам норозилигини билдириб чиққан. Ўшанда у «мамлакатнинг куч органлари сирли ҳомийларнинг қўлидан ҳеч нарса олмаслиги керак» деб билдирган. Унинг айтишича, «қандай ҳомий бўлмасин бугун пулини беради, эртага эса ундан каттасини талаб қилади».

«Ҳарбий, милиция, хавфсизлик — давлат фаолиятининг махсус соҳаси […]. Ҳозирги оғир инқирозли вазиятда йирик маблағни осон бериб юборишга тайёр сирли ҳомий ким экан? Шунингдек ҳомийларнинг рўйхати жиноят иши қўзғалганларнинг рўйхатига ҳам қўшилиб қолмайдими? Бу давлат рэкет қатори бўлаётгани йўқми?», — деб савол қўяди Никитенко.

Номаълум ҳомийлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг кўплаган биносини ҳам қуришмоқда. МХДҚ ҳам «сирли ҳомийларнинг» исмларини ошкор қилмай келади.