Ўш вилоятининг Аравон туманида милиция аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан калтаклангани бўйича аризасини қабул қилмаган. Бу ҳақда адвокат Муҳайё Абдураупова Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг айтишича, аёлга турмуш ўртоғи зўравонлик кўрсатиб, у билан яшашга мажбурлаб келади. Милиция эса аризани қабул қилмай қўйган.
Адвокатнинг айтишича, эркак бир неча бор хотинини безовта қилган, калтаклаган ва уни қўрқитган.
Адвокат 2021-йилнинг март ойида видео назорат камерасига олинган видеони эълон қилди. Унда эркак киши аёлнинг уйига ҳовли деворидан ошиб кириб, ёш боласининг кўз олдида жабрланувчига ҳужум қилиб, унинг телефонини синдириб ташлаганини кўриш мумкин.
Шу билан зўравонлик тўхтамаган – жорий йилнинг 13-июлида эркак турмуш ўртоғининг иш жойига бориб, бошқаларнинг кўз олдида унга зўравонлик кўрсатган.
21-июлда эса шахс аёлни бўғиб, тепкилаб, калтаклаб, иккинчи телефонини ҳам синдириб, «ажрашмайсан» деб уйига мажбурлаб олиб келган.
Абдураупова аёл милицияга мурожаат қилганда, улар фактни «Соғлиққа оғир бўлмаган зарар етказиш» моддаси билан қайд этиб, аммо калтаклаш ҳамда мажбурлаб никоҳга олиш факти бўйича аризани қабул қилмай қўйишганини айтди.
Милиция нима дейди?
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидан «Клооп»нинг журналистига жабрланувчининг аризаси қабул қилинмагани хақидаги маълумотни инкор қилишди.
Ички ишлар бошқармаси берган маълумотга кўра, 23 августда милицияга 28 ёшли аёл мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, 2021-йилнинг 13-мартида эри уни калтаклаган ва уяли телефонини синдириб ташлаган.
Орадан бир йил ўтиб, 2022-йилнинг 13-июлида эркак хотинининг ўша пайтда яшаб турган ота-онасининг уйига келиб, уни калтаклаган. Милициянинг таъкидлашича, бу ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Экспертиза тайинланган.
Милициянинг қўшимча қилишича, 22-июлда аёл милициянинг бошқа бўлимига мурожаат қилган. У ерда унинг аризаси бўйича «Соғлиққа енгил зарар етказиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, Қорасув туман ИИБга ўтказиб берилган.
16-август куни аёл яна милицияга эри устидан ариза ёзиш мақсадида келган. Бироқ матбуот хизмати хабарига кўра, аёл ариза ёзмасдан чиқиб кетган ва бошқа сафар келишга ваъда берган, бироқ келмаган.
Оиладаги зўравонлик ва фемицид
Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) Марказий Осиё давлатларининг ичидан энг хавфли ўлка деб ҳисобланади. Мазкур индексда Қирғизистон аёлларнинг вазияти баҳоланган 170 давлатнинг ичидан 97-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Amnesty International 2021-йили Қирғизистонда оиладаги зўравонлик «кенг кўламда» бўлганини таъкидлаган. Ташкилотнинг баёнотида, жабрланганлар ҳужум қилганлардан иқтисодий жиҳатдан қарам бўлгани сабаб ва гап-сўзга қолишдан қўрққанидан милицияга кўп ҳам мурожаат қилмаслиги айтилган.
Қирғизистонда аёллар турмуш ўртоғининг, бирга яшаган одамининг, собиқ эрининг ва таниш бўлиб юрган эркак кишининг қўлидан вафот этиш воқеалари ҳар йили ўнлаб қайд этилади. Халқаро тажрибада бу фемицид деб аталади.
ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 10 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик факти қайд этилган.
Тажовузкорни қонун доирасида жазолаш жуда мураккаб — аксарият жиноят ишлари жарима пули тўлаш ёки жамоатчилик ишларига жалб қилиш билан чекланади. Шу сабабдан суд жавобига тортилмаслигини билиб, оиладаги зўравонлигини давом эттираверади.
Доимо бўлиб турган оилавий зўравонлик аёлларнинг турмуш ўртоқлари, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одамлари ёки эски шериклари томонидан ўлдирилишига олиб келади. Одам ўлдиришнинг бу тури фемицид деб аталади.
Сиз ёки сизнинг яқинларингиз зўравонликка учраган вақтда қуйидаги кризис марказларига мурожаат қилсангиз бўлади.
Кризис марказларининг манзили:
- «Шанс» кризис маркази: Бишкек, Чүй проспекти 207, 509-хона - 0709 710 320;
- «Сезим» кризис маркази — Бишкек, Табишалиев кўчаси 3 - 0312512640
- «Энсан — Диамонд» жамоат ташкилоти — Ўш, Ленин кўчаси 205/105 - 0772328960
- «Акилкарачач» кризис маркази — Ўш вилояти Гулча қишлоғи - 0555281423
- «Аруулан» кризис маркази — Ўш, Ленин кўчаси 205 - 0776380777
- «Ак журок» кризис маркази: Ўш, Ленин кўчаси 205 - 0 550 231 329, 0 322 245 976
- «Мээрбан» кризис маркази — Ўш, Ленин кўчаси 312/23 0773843461
- «Тендеш» кризис маркази — Норин, Қирғиз кўчаси 31/3 0700257890
- «Маана» кризис маркази — Талас, Тагайбаев кўчаси 274/2 0557484713
- «Жанил Мирза» кризис маркази — Баткен, Сидиков кўчаси 3 0777393077
- «Каниет» кризис маркази — Жалал-Абад, Б. Осмонов кўчаси 113 0372255084
- «Аялзат — аёллар ташаббусини қўллаб-қувватлаш» жамоат бирлашмаси: Каракол, Абдрахманов кўчаси 105-14 - 0392 251 091, 0553 835 717;
- «Алтинай» кризис маркази — Чолпон-Ота шаҳари - 0709 694 550
- «Мээрман» кризис маркази — Қоракўл шаҳри - 0706 383 637
- «Химая» аёлларга ёрдам бериш ва реабилитация маркази: Қоракўл - 0702 223 535 — бевосита алоқа рақами - 0551 733 390.