Гулнара Баатирова соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда 23- августда президентнинг администрациясидан билдиришди.
Маълумотга кўра, Баатированинг соғлиқни сақлаш вазири лавозимига номзоди келишув учун Жогорку Кенешга тақдим этилади.
Баатирова вазирлик қошидаги тиббиёт аккредитациясининг комиссия етакчиси. У бунга қадар тиббиёт тармоғида раҳбарлик хизматларида ишлаган. Шунингдек, МСКнинг аъзоси, Қорасув шаҳар кенгашининг депутати ҳам бўлган.
Шу пайтгача Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини Жаркинбек Қасимбеков бажариб келаётган эди. У бу лавозимга собиқ вазир Алимқадир Бейшеналиев ҳибсга олинганидан кейин тайинланган эди.
Бейшеналиев июнь ойининг бошида коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган, 16 августда эса Ички ишлар вазирлиги унга нисбатан жиноят ишини тўхтатган. 19-августда эса президент Садир Жапаров уни лавозимидан озод қилган.
Кейинроқ ўша пайтда вазир вазифасини бажариб келган Жаркинбек Қасимбеков Бейшеналиевни «Алтин балалиқ» соғломлаштириш маркази директори этиб тайинлаганини маълум қилган.