Жаҳон тараққиёт банки Ўшнинг беш микрорайонида йўлларни таъмирлаш учун 4,5 миллион АҚШ доллари ажратди. Ўш мэрияси қошидаги шаҳар йўллари бошқармаси бошчисининг билдиришича, йил якунигача 70 фоиз йўлни таъмирдан ўтказиш режалаштирилган.
Таъмир ишларини транспорт ва коммуникация вазирлиги эълон қилган тендер ғолиби «Империя групп» ташкилоти олиб боради.
Шаҳар 11 территория кенгашларига бўлинган. Маҳаллий ҳукумат вакилларига кўра, мазкур кенгашларнинг бештасида йўллар тўлиқ таъмирдан ўтади.
Жумладан, Ўшнинг шимол тарафида жойлашган ХБК райони, Зайнабетдинова кўчаси ва унга туташ кичик кўчалар, жанубидаги Турон ва Геологородок районлари ва Ўшнинг ғарбида жойлашган Западний районлари йўллари таъмирланади.
Шаҳар мэрияси қошидаги шаҳар йўллари бошқармаси бошчиси Рустам Мамировнинг сўзларига кўра, йўлларни таъмирлаш ишлари 2011 йилнинг 15 майдан бошланган.
«Йўлларниннг эски қатламини олиб ташладик. Ўшнинг 70-80 фоиз йўлларни таъмирлашни режалаштиряпмиз», —деди Мамиров Kloop.kgга берган интервьюда.
Ўш шаҳар вице мэри София Шевченко Мамировнинг сўзларига шубҳа билан қарашини айтади.
«Айнан қанча фоиз йўлнинг таъмирдан чиқишини айтиш қийин. Лекин 50 фоиз атрофида йўлнинг тамирланиши аниқ», —деди Шевченко.
Таъмирдан ўтаётган йўлларнинг масофаси ҳар бир районда уч километрни тузади.
Бюджет ҳисобидан
Шаҳар бюджетидан йўлларни таъмирлаш учун 67 миллион сом ажратилган. Шаҳар мэрияси мутасаддиларининг сўзларига кўра, мазкур сумманинг учдан бири йўлларга янги асфальт босишга ва қолган қисми йўлларни ямаш ишларига сарфланади. Шаҳар ичидаги йўлларнинг умумий масофаси 538 километрни тузиб, унинг қарийб ярмига асфальт босилмаган.
«Биз авваллари босилган ва хозирда яроқсиз ҳолатга келиб қолган йўлларни таъмирдан ўтказяпмиз. Имкон бор ерларда ямаш ишлари олиб борилади, қолган йўллар эса тўлиқ янги асфальт билан қопланади», —деди Мамиров.
Шаҳар қурилиши бошқармаси бошчиси Улуғбек Матисаков йўлларни ноқонуний равишда тўсиб олиш муаммолари борлигини айтади.
«Шаҳар йўллари тартибини ҳеч ким назорат қилмагани учун, кўпчилик яшовчилар ноқонуний равишда тротуарларни ўзлаштириб, йўлларни ёпиб қўйишган. Хозирда шаҳар мэрияси ва шаҳар йўл бошқармаси ходимлари йўлни тўсмаслик борасида аҳолига тушунтириш ишларини олиб бормоқда», —деди Матисаков.
Яшовчилар фикри
Геологородок яшовчиси Майрам Талканчиева фақат марказий йўлларни таъмирлаш озлигини айтади.
«Жуда яхши иш олиб боришяпти, энди йўлларда тирбандликлар бўлмайди. Хозирча фақат марказий йўлларни таъмирлашяпти, иккинчи даражадаги йўлларни ҳам таъмиралашса янада яхши бўларди», —дейди Майрам.
Шунингдек у янги йўллар учун «баъзи ноқулайликларга» чидашга тайёр эканлигини айтади.
«Уй чангга тўлиб кетди. Агар йўлни таъмирлаш ишлари йил бўйи давом этса ҳам, биз бунга чидашга тайёрмиз, чунки кейин яхши бўлади», —дейди Ўш яшовчиси.
Ўшнинг бошқа бир яшовчиси Робия Каримова йўлни таъмирлаш вақтидаги ноқулайликларга қарамай, йўлни таъмирлаш кераклигини айтади.
«Ремонт қилиш керак. Бизни кўчалардан машинада ўтиш ҳам қийинлашиб кетди»,— дейди Каримова.
Ўшнинг жанубида яшовчи Акмат Жакипов йўлларда ямаш ишларини олиб бораётган мутухассислар чуқурларни ёпмагани боис, бу йўл ҳаракатига ҳалал бераётганини айтди.
«Лекин 20 йилдан бери таъмирланмаган Ашхабадская кўчасига тўлиқ янги асфальт босишди», —дейди Акмат.