Жазони ижро этиш хизматига собиқ президент Алмазбек Атамбаевга даволаниш учун Москвага боришга рухсат сўраб, ариза юборилган. Бу ҳақда «Клооп»нинг журналистига адвокат Замир Жоошев билдирди.
Мурожаатда адвокат Атамбаевга махсус жиҳозлар йўқлиги сабабли Қирғизистонда амалга ошириб бўлмайдиган жараёнларни — қизилўнгачига аргон-плазма абляция қилиб, лазерли эндоскопиядан ўтказиш кераклигини кўрсатган.
«Бундай процедура Алмазбек Атамбаевга 2016-йили Россия президенти иш бошқармасининг касалхонасида қилинган. Операция қилишга унга қўйилган “қизилўнгачнинг Баретти” ташҳиси сабаб бўлган, бу касаллик – қизилўнгачнинг саратондан олдинги ҳоли. Қизилшнгачда шиш пайдо бўлиб, яна ҳам оғир аҳволга ўтиб, операция қилиш мумкин бўлмайдиган даражага етиши мумкин. Операциядан кейин шиш қайта пайдо бўлмаганини назорат қилиб туриш учун ҳар йили текширувдан ўтиб туриши керак. Аммо Атамбаевга қарши тазйиқлар бўлаётганидан бу мумкин бўлмаяпти», — деб айтилади ҳужжатда.
Жоошевнинг қўшимча қилишича, Москвадаги клиника собиқ президентнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли уни текширувга таклиф қилган.
Атамбаевнинг адвокати мижозини керакли тиббий процедураларни олиш учун тўрт ойга қўйиб юборишни илтимос қилди. Жоошев операциядан кейин Атамбаев «жазосини ўташни давом эттириш учун» Қирғизистонга қайтиб келишини таъкидлади.
Алмазбек Атамбаев ҳозирда Молдовановка қишлоғидаги №27 колонияда. Собиқ президент криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича 11 йил 2 ойга ҳукм қилинган.
Шунингдек Атамбаевга қарши 2019-йилдаги Қўйтош воқеаси, Бишкек ИЭМни реконструкциялаш ҳамда Қўйтош қишлоғида ноқонуний ер олиш бўйича жиноят ишлари бор. Охирги уч иш бир терговга бириктирилиб, судда кўрилмоқда.
Атамбаевни соғлигининг аҳволи
Май ойининг охирида Алмазбек Атамбаев Миллий кардиология марказига етказилган.
Аввалроқ собиқ президентнинг адвокатлари бир неча бор уни касалхонага ётқизиш учун рухсат беришни илтимос қилишган. Уни бир неча бор соғлигининг аҳволи сабабли суд залидан тез ёрдам машинасида олиб кетишган.
Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказига кўра, собиқ президент судга мажбуран олиб келинганида соғлиғи кескин ёмонлашган.
47-сонли колония яқинидаги реабилитация муассасаси бош шифокори собиқ президент тўлиқ текширувдан ўтиши ва даволаниши кераклигини таъкидлади.
Апрель ойида Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги 47-колониядан Чуй вилояти Молдовановка қишлоғидаги 27-колонияга кўчирилган эди. Собиқ президент ва унинг тарафдорлари 2019 йилда Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида икки кунлик тартибсизликлар чоғида ҳибсга олинган эди.