Президент ўнг рулли машиналар ҳақидаги қонунга қўл қўймади

1015

5203818190_4f193e96ed_b

Давлат бошчиси Алмазбек Атамбаев рули ўнг тарафда бўлган машиналарнинг таксида ишлашини тақиқловчи қонунни тасдиқламади. Президент қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун парламентга юборди.

 

Атамбаев мазкур қонун лойиҳасининг давлат автотранспорт соҳасига зарар етказиши мумкин, деб ҳисоблади — бу ҳақда президент маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.

«Қонун лойиҳаси автотранспорт соҳасини эффектив бошқаришга хизмат қилмайди ва келажакда автотранспорт хизматларига ўз салбий таъсирини ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, лойиҳада Қирғиз Республикаси қонунларига зид нормалар ҳам бор», — дейилади матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Давлат бошчиси мазкур қонуннинг қабул қилиниши кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланувчи инсонлар ҳақларини бузишини таъкидлади. Унга кўра, қонун кучга кирса улар қимматроқ турувчи чап рулли автомобилларни сотиб олишга мажбур бўлади.

Парламент мазкур қарорни 18 апрел куни қабул қилганди. Депутатлар ўнг рулли машиналарнинг аксар ҳолларда автоҳалокат сабабчилари бўлаётганини билдиргандилар.

«Бизда ҳозир қанча ўнг рулли машина бор эканини ҳеч ким билмайди. Бироқ энг кўп автоҳалокатлар ўнг рулли машиналар иштирокида бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор», – деганди қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири Анвар Артиков.

Давлат рўйхат хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистонда ўнг рулли машиналар сони 94 мингдан ошади. Бу давлатдаги автомашиналарнинг 30 фоизи демакдир.

Ички ишлар министрлигига кўра, ўнг рулли машиналар иштирокидаги автоҳалокатлар чап рулли машиналарга нисбатан икки баробарга кўпроқ кузатилади.