Бишкекдаги бар ёнида номаълум шахс ҳавога бир неча марта ўқ узди

Бишкекда 13-август куни «Кипиш» барига кираверишда номаълум шахс ҳавога бир неча марта ўқ узган. Бу ҳақда «Клооп»га Биринчимай туман ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати хабар берди.

Милициянинг маълумотига кўра, факт маълумотлар реестрига қайд этилган. Милиция ходимлари суриштирув ишларини бошлаган.

Kaktus Media нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, ўқотар қуролдан фойдаланган шахс қирғизистонлик раққос Жан Воинов эканини ёзди.

Биринчимай туман ички ишлар бошқармаси «Клооп»га мазкур маълумотни тасдиқламади ва инкор ҳам қилмади.

Жан Воиновнинг ўзи нима дейди?

Воинов Кактус Медиа нашрига қуролдан у отмаганини айтди.

Раққоснинг таъкидлашича, ўша куни кечқурун бар ёнида бир вақтнинг ўзида иккита можаро содир бўлган ва улардан бирида у иштирок этган.

«Видеода ҳам кўриш мумкин – машина ёнида турганим видеода кўриниб турибди. Ўқ эса оломоннинг ўртасидан чиққан. Мен клубдан чиқаётган эдим, у ерда бир гуруҳ ёш йигитлар ўзаро баҳслашаётган экан. Бу вақтда мен бошқа ёшлар билан жанжаллашиб қолдим, улар билан уришдим. Ўша вақтда тўсатдан ўқ овози эшитилди», деди у ОАВга.

Жан Воинов - хип-хоп ва поппинг услубида ижод қилувчи қирғизистонлик раққос. 2016-йил охирида Воинов Россиянинг ТНТ телеканалининг машҳур «Рақс» шоусида чиқиш қилган, аммо саралаш босқичидан кейин шоуни тарк этган.