«Қора бозор» ва валюта олиш учун комиссия. МБ валюта бозоридаги ҳолат ҳақида айтди

284

Миллий банк вакиллари 8-август куни матбуот анжумани ўтказиб,  валюта бозоридаги вазият ҳақида гапирди. «Клооп» Миллий  банк изоҳининг асосий нуқталарига тўхталди.

Нақд доллар етишмаслиги ва  валютани олиш учун комиссия

Миллий банк раҳбари ўринбосари Нурбек Жениш мамлакатда бир неча ойдан бери кузатилаётган нақд доллар тақчиллиги нафақат Қирғизистонда, балки қўшни давлатларда ҳам мавжудлигини маълум қилди.

У хорижий нақд валюта тақчиллиги Украинага ҳужум муносабати билан санкциялар киритилгани туфайли Россияга доллар ва евро ўтказа олмагани билан боғлиқлигини таъкидлади. Нақд валюта танқислигига  олиб-сотарларнинг ҳаракатлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Қирғизистон банклари чет валютасини авваллари фақат Россиядан олиб келган бўлса, энди нақд долларни муқобил йўллар орқали олиб киришга мажбур. Ушбу харажатларни қоплаш учун банклар валютани нақдлаштириш учун комиссия жорий этди. Женишга  кўра, маҳаллий банкларда комиссия нақд пул олиш миқдорига қараб 0,4% дан 5% гача фоизни ташкил этади.

«Нақд доллар олиб келишнинг муқобил усулларининг нархи [Россиядан келадиган каналларга кўра] анча қиммат бўлиб чиқди», — деди у.

У банклар ўз мижозларига валютани нақд олишда  янги комиссиялар нима сабабдан жорий қилинганини тушунтириши керак деб ҳисоблайди.

Миллий банк раиси ўринбосари валюта ҳисобдан ва депозитларидан пул ечиб олиш учун банкларда комиссия олинмаслигини таъкидлади.

Нақд долларларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тўхтади

Шунингдек, Жениш Миллий банк томонидан кўрилган чоралар нақд долларнинг мамлакатдан  чиқиб кетишини тўхтатишга муваффақ бўлганини билдирди. Аввалроқ Миллий банк қатор чекловлар жорий қилган эди. Масалан, апрель ойидан бошлаб пул ўтказмалари фақат жўнатувчи давлат валютасида ёки сомда берилмоқда. Шунингдек, Марказий банк валюта айирбошлаш шохобчалари ва микромолия ташкилотларига нақд АҚШ долларини Қирғизистондан  олиб чиқишни таъқиқлади. Ушбу чеклов жисмоний шахсларга тааллуқли эмас.

«Умуман олганда, биз томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нақд АҚШ долларининг чиқиб кетишини тўхтатиш имконини берди [...] Шундай қилиб, бугунги кунда банк тизимидаги АҚШ долларининг умумий миқдори ўсиш тенденциясини кўрсата бошлади. Мамлакатда нақд бўлмаган АҚШ доллари тақчил эмас. Банклар нақд бўлмаган долларга бўлган ҳар қандай талабни қондиришга тайёр», —деди у.

Миллий банк раҳбари ўринбосари фуқароларга нақд бўлмаган доллар ҳисоб-китоблардан фойдаланишни тавсия қилди, чунки бу хавфсиз.

Валюталарнинг «қора бозори»

Нурбек Жениш Миллий банк валюта бозоридаги вазиятни кузатиб боради,  пул айирбошлаш шохобчаларини текшираётганини таъкидлади. Шунингдек, у ноқонуний пул алмаштирувчи телеграм каналлари эгаларига жарима солганини айтди. Аввалроқ ОАВда мамлакатда валюта «қора бозори» ривожланаётгани, у ерда валюталар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

У рейд давомида жами 14 нафар жисмоний шахс жаримага тортилганини, жумладан телеграм каналлари эгалари ҳам борлигини қўшимча қилди.

Валюта бозоридаги ўйинлар

Россия армияси Украинага кенг миқёсда ҳужум қилганидан бери Россияга нисбатан жиддий иқтисодий санкциялар жорий этилди. Бу Россияда нақд доллар тақчиллигига сабаб бўлди.

Натижада, Россияда 1 мартдан бошлаб мамлакатдан нақд долларни олиб чиқиш чекланди - бир киши 10 000 доллардан ортиқ пул олиб чиқа олмайди. Худди шундай чеклов март ойи ўрталарида Қозоғистонда ҳам киритилган эди.

Бундай чора-тадбирлар Қирғизистонда рубл, тенге ва доллардаги пул ўтказмалари ҳажмининг ошишига олиб келганини Миллий банкдан айтишган.

«Мамлакатдан чет эл валютасини олиб чиқиш/киритиш  таъқиқланмаганидан фойдаланиб, [чет эл валютасини пул ўтказиш йўли билан] олганлар нақд АҚШ долларини катта миқдорда Қирғизистондан олиб чиқиб кетишмоқда», — дейилади Миллий банкдан.

Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Миллий банк томонидан бир қатор чекловлар жорий этилди. Бироқ экспертлар нақд валюта етишмаслигидан ва турли чекловлар туфайли мамлакатда валютанинг «қора бозори» пайдо бўлганини, унда тижорат банклари ҳам қатнашаётган бўлиши мумкинлигини айтишди.